Угандада Торо қироллиги ҳукмдори Рукиди IV 34 ёшида вафот этди. У дунёдаги энг ёш амалдаги монарх ҳисобланар эди.
Бу ҳақда Reuters Торо қироллиги бош вазири баёнотига таяниб хабар берди.
Монархнинг ўлими сабаби ошкор қилинмаган.
Аввалроқ қиролнинг аҳволи оғир экани ва у АҚШда онкологик касалликдан даволанаётгани хабар қилинган эди.
Ойо Ньимба Кабамба Игуру Рукиди IV Уганданинг ғарбий қисмида, Конго Демократик Республикаси чегараси яқинида жойлашган Торо қироллигини бошқариб келган. У 1995 йилда отасининг тўсатдан вафотидан сўнг уч ёшида тахтга ўтирган ва дунёдаги энг ёш амалдаги монарх сифатида Гиннесс рекордлар китобига киритилган.
Уганда сайланадиган давлат раҳбарига эга республика ҳисобланади. Шунга қарамай, мамлакатда мустамлакачиликдан олдинги даврда шаклланган бир қатор анъанавий қиролликлар ҳануз сақланиб қолган.
Анъанавий монархларнинг сиёсий ваколатлари асосан рамзий хусусиятга эга, бироқ улар жамиятда сезиларли маданий ва ижтимоий таъсирини сақлаб қолган.