Исроил Қуролли кучлари бош штаби раҳбари Эяль Замир армияда интизом ва ахлоқий меъёрлар билан боғлиқ жиддий муаммолар борлигини тан олди. У юқори лавозимли офицерлар олдида сўзлаган нутқида сўнгги йилларда бир неча фронтдаги урушлар фонида интизом ва хулқ-атвор қоидалари заифлашганини таъкидлади.
Унинг айтишича, сўнгги вақтларда «армия қадриятларига қарши исён» деб баҳоланган қатор ҳолатлар кузатилган. Улар қаторида мародёрлик ҳолатлари, Ливанда Исо пайғамбар ҳайкалининг вайрон қилиниши (бу халқаро норозиликка сабаб бўлган), шунингдек ҳарбийлар орасида рухсат этилмаган нашивкалар ва диний, сиёсий ҳамда экстремистик шиорлар тарқалиши бор.
Эяль Замир бундай ҳаракатларни ахлоққа зид ва мутлақо қабул қилиб бўлмас деб атади. Унинг таъкидлашича, меъёрларнинг емирилиши операциявий таҳдидлардан кам хавфли эмас ва армия ўз қадриятларидан чекинишга йўл қўймаслиги керак.
Мародёрлик ҳақида гапирар экан, у бундай ҳолатлар тасдиқланса, бу шармандалик эканини ва бутун мамлакат обрўсига путур етказишини, ҳатто қўшинларни «мародёрлар армияси»га айлантириши мумкинлигини айтди.
Шунингдек, у ҳарбийлар томонидан ижтимоий тармоқларда баҳсли постлар ва ўзини реклама қилиш ҳолатларини ҳам танқид қилиб, бу «қизил чизиқ» эканини ва уни бузганларга нисбатан интизомий чоралар кўрилишини билдирди.