Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг канцелярияси АҚШ томонидан мамлакатга ажратиладиган йиллик қарийб 4 миллиард долларлик беғараз ҳарбий ёрдамни тўхтатиш бўйича Вашингтон қарорини илк бор расман тасдиқлади ва ижтимоий тармоқларда эълон қилди. Бу ҳақда Бош вазир офиси вакили Дорон Шпильман Fox News телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Шпильманнинг таъкидлашича, Исроил ушбу ҳарбий кўмакдан нафақат ўз мудофааси, балки АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларининг умумий рақибларига қарши курашда унумли фойдаланиб келган. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Исроил кучли ва барқарор иқтисодиётга эга ҳамда Вашингтон ва Тель-Авив ўртасидаги муносабатлар оддий молиявий ёрдам босқичидан ўзаро тенг ҳуқуқли стратегик шериклик ва инвестиция форматига ўтмоқда.
Бироқ, Исроил ҳукумати вакили АҚШ ҳарбий маҳсулотлари ва молиялаштиришни етказиб бериш айнан қайси санадан эътиборан тўлиқ тўхтатилишига аниқлик киритмади.
Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп йил охиригача Израилга бериладиган ёрдамни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини билдириб, «Биз энди Израилга пул бермаймиз», — дея баёнот берган эди.
Исроилнинг KAN давлат телеканали берган хабарга кўра, Вашингтоннинг ушбу кутилмаган қарори Мудофаа вазирлиги ва ҳарбий раҳбарият ичида жиддий хавотирларни келтириб чиқарган. АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Хакаби эса молиялаштиришни тўхтатишнинг аниқ муддатлари ва босқичлари ҳозирча тўлиқ белгиланмаганини қайд этган.