Испания ҳукумати аҳолининг қариши сабабли мамлакатдаги ишчи кучи танқислигини тўлдириш учун йилига 300 минг нафаргача муҳожирни қонунийлаштириш ниятида, деди мамлакат ижтимоий хавфсизлик ва миграция вазири Элма Саиз. «Испанияда очиқ, гуллаб-яшнаган мамлакат ёки ёпиқ, қашшоқ мамлакат бўлиш ўртасида танлов бор. Биз аввалгисини танладик», деди у. Унинг сўзларига кўра, муҳожирлар билан боғлиқ сиёсат уч йил давом этади. Унинг аниқлик киритишича, Испания фаровонликни сақлаб қолиш учун йилига солиқ тўлай оладиган 250-300 минг хорижий ишчига муҳтож. Ҳукумат томонидан янги чора-тадбирлар муҳожирларга яшаш ва ишлаш учун рухсатномалар бериш тартиб-таомилларини соддалаштиришни назарда тутади, бу эса чет эллик ишчиларга кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини олишга ёрдам беради. Бундан ташқари, иш излаётган ташриф буюрувчилар визасини 3 ойдан 12 ойгача узайтириши мумкин бўлади. Ўқиш визасига эга хорижликларга ҳафтасига 30 соатгача ишлашга рухсат берилади. ОАВнинг қайд этишича, 48,9 миллион аҳолига эга Испания иқтисодиёти Европа Иттифоқида энг тез ўсаётган мамлакат ҳисобланади. Бу тенденцияга Лотин Америкаси давлатларидан малакали мигрантлар оқими ҳам ёрдам бермоқда. Фитч Ратингс Инc рейтинг агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда Испанияга бирданига олдинги ўн йилликдагидан кўпроқ мигрантлар келган.