Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Исломда поклик ёхуд Француз Қироли Людовик XIV нинг ҳаётда икки маротаба ювингани

Исломда поклик ёхуд Француз Қироли Людовик XIV нинг ҳаётда икки маротаба ювингани

Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири бу — таҳоратдир.

Араб тилидаги «таҳорат» сўзини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, «поклик» деган маъно келиб чиқади.

Таҳорат «тоҳура» сўзининг масдари бўлиб, «покиза бўлди», «кири кетди» деган маъноларни англатади.

Бу маънодаги поклик кенг тушунчадир. Уни барча покликларга нисбатан ишлатиш мумкин. У нажосат ва ҳайзнинг зиддига ҳам, кирдан ва гуноҳдан покланишга ҳам ишлатилади.

Қуръони каримда «таҳорат» сўзи гуноҳдан ва бутлардан покланиш маъносида, ҳалол маъносида, қалб поклиги маъносида ҳамда фаҳшдан, бетаҳоратлик ва нопок нарсалардан покланиш маъноларида келган.

Уламолар истилоҳида ҳам таҳоратнинг ўз маъноси бор.

Бу ҳақда Роғиб Асфиҳоний айтади: «Таҳорат икки хил бўлади: жисм таҳорати, нафс таҳорати. Иккисининг ҳам истилоҳий маъноси бор. Нафс таҳорати гуноҳларни тарк қилиш, аҳли солиҳ бўлиш ва нафсни айблардан тозалаш учун амал қилишдир. Жисмнинг таҳорати эса бетаҳоратликни кўтариш ёки нажасни кетказиш ёхуд иккисининг маъносидаги ва суратидаги нарсалардир».

Islom.uz сайтида берилган «Мусулмонларга маданият ўргатиш даъвосидаги кўҳна қитъанинг яқин ўтмишига бир назар» мақолада қуйидаги маълумотлар келтирилган:

XIX асргача Оврупада даҳшатли ёввойилик ҳукм сурган Қитъанинг ҳолати ҳозирда фильмларда кўрсатилаётган ва хаёлий романларда тасвирланаётган жозибадор манзаралардан тубдан фарқ қиларди. Бу ҳолат зулматда қолинган ўрта асрларгагина тегишли бўлмай, балки тинимсиз мадҳ қилинган. Уйғониш ва Ренессанс замонларида ҳам аҳвол мутлақо ўзгармаган эди.

Ўша даврдаги инсонлар ювинишга қандайдир шубҳа билан қарашар, яланғочлик гуноҳ саналар, совуқ ҳам зарарли – шамоллаб қолиш мумкин эди. Устига-устак, иссиққина сув тўла ванна фақат хаёлот эди, чунки ўтин жуда қиммат, ҳатто асосий истеъмолчи бўлган Муқаддас Черковга уни аранг етказиб беришарди.

Испания қироличаси Изабелла Кастильскаянинг XV аср охири эътироф қилишича, у бутун умри давомида фақат икки марта ювинтирилган экан. Биринчиси янги туғилганида, иккинчиси эса турмушга чиқаётганида.

Француз қиролларидан бирининг қизи битлаб кетишдан ҳалок бўлган. Папа Климент Бешинчи ичбуруғдан вафот этади, Папа Климент VII қирол Филипп II каби қичимадан қийналиб жон беради. Герцог Норфолк диний эътиқоди туфайли ювинишдан бош тортади. Шунда унинг хизматкорлари жаноби олийларининг ғирт маст бўлиб думалаб қолишидан фойдаланиб, уни аранг ювинтириб олишади. Француз қироли Людовик XIV саройидаги рус элчилари жаноби олийлари «ҳайвонлар каби сасиб-бижиб кетгани» ҳақида ёзишган эди. Бутун Оврупада русларнинг ўзини улар ойига бир ёки ундан ҳам кўпроқ марта ҳаммом қилишгани учун бузилиб кетганликда айблашарди.

Агар XV-XVI асрларда бадавлат шаҳарликлар ярим йилда ақалли бир марта ювиниб туришган бўлса, орадан икки аср ўтгач ҳаммом қилишни бутунлай эсдан чиқариб юборишди. Тўғри, баъзан ванна қабул қилишар эди. Бироқ буни ҳам муолажа учунгина амалга оширишар эди. Француз қироли Людовик XIV ҳаётида фақат икки марта ювинган экан. Шунда ҳам шифокорларнинг тавсияси билан сувга тушган. Ювиниши ҳукмдорни шунчалик даҳшатга солдики, ҳеч қачон сув муолажасини олмасликка қасам ичди. Ўша насронийлик жаҳолати даврида танани парвариш қилиш гуноҳ саналарди. Насроний руҳонийлари йиртиқ кийимларда юришни, ҳеч қачон ювинмасликни буюришарди, гўё шу йўл билан маънавий покликка эришиш мумкинлигини уқтирмоқчи бўлишарди. Шунинг учун ювиниши мумкин эмасдики, чўқинтириш пайтида сепилган ўзидаги «муқаддас сув» ювилиб кетиб қолиши мумкин эди.

Натижада одамлар йиллаб ювинмас ёки сув нималигини умуман билмас эди. Кир-чирлик ва битлаб кетиш руҳонийликнинг алоҳида белгилари саналарди.

Исломда-чи? Исломда — поклик энг асосий нуқта ҳисобланади.

Исломда ибодатларнинг қабул бўлиши уларнинг поклик асосида адо этилишига боғлиқ. Бизда поклик йўлида қилинган ҳар бир иш юқори баҳоланади ва уни қилган кишига улкан ажр-савоблар, олий мартабалар берилади.

Қуръони Каримда таҳоратнинг турли маъноларига оид йигирма олтита оят келган. Шулардан баъзиларини намуна учун ўрганиб чиқамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

ﭬ ﭭ ﭮ ﭯﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅﮆ

 «Унда (масжидда) ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжид унда туришинг учун ҳақлидир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севади» (Тавба сураси, 108-оят).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ояти каримада покликни ва пок кишиларни мадҳ этмоқда. Пок кишиларни яхши кўришини эълон қилмоқда. Бу эса Аллоҳ таоло томонидан покликка қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан таҳорат ҳақида олтмишдан зиёд ҳадислар ривоят қилинган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «إِذَا تَوَضَّأَ الْعَبْدُ الْمُسْلِمُ أَوِ الْمُؤْمِنُ فَغَسَلَ وَجْهَهُ خَرَجَ مِنْ وَجْهِهِ كُلُّ خَطِيئَةٍ نَظَرَ إِلَيْهَا بِعَيْنَيْهِ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ، فَإِذَا غَسَلَ يَدَيْهِ خَرَجَ مِنْ يَدَيْهِ كُلُّ خَطِيئَةٍ كَانَ بَطَشَتْهَا يَدَاهُ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ، فَإِذَا غَسَلَ رِجْلَيْهِ خَرَجَتْ كُلُّ خَطِيئَةٍ مَشَتْهَا رِجْلَاهُ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ حَتَّى يَخْرُجَ نَقِيًّا مِنَ الذُّنُوبِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмон – ёки мўмин – банда таҳорат қилса, юзини ювганда ўша сув – ёки ўша сувнинг охирги қатраси – ила унинг икки кўзининг назари орқали қилган хатолари юзидан тўкилади. Икки қўлини ювса, ўша сув – ёки ўша сувнинг охирги қатраси – ила унинг икки қўли билан қилган хатолари тўкилади. Икки оёғини ювса, ўша сув – ёки ўша сувнинг охирги қатраси – ила икки оёғи билан юриб қилган хатолари тўкилади. Шундай қилиб, у гуноҳлардан пок бўлиб чиқади», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

عَنْ أَبِي مَالِكٍ الْأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «الطُّهُورُ شَطْرُ الْإِيمَانِ، وَالْحَمْدُ لِلَّهِ تَمْلَأُ الْمِيزَانَ، وَسُبْحَانَ اللهِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ تَمْلَآنِ أَوْ تَمْلَأُ مَا بَيْنَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ، وَالصَّلَاةُ نُورٌ، وَالصَّدَقَةُ بُرْهَانٌ، وَالصَّبْرُ ضِيَاءٌ، وَالْقُرْآنُ حُجَّةٌ لَكَ أَوْ عَلَيْكَ، كُلُّ النَّاسِ يَغْدُو فَبَايِعٌ نَفْسَهُ فَمُعْتِقُهَا أَوْ مُوبِقُهَا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Поклик иймоннинг ярмидир. «Алҳамду лиллааҳи» тарозини тўлдирур. «Субҳаналлоҳи ва Алҳамду лиллааҳи» осмонлару ернинг орасини тўлдирурлар. – Ёки тўлдирур. – Намоз нурдир. Садақа бурҳондир. Сабр зиёдир. Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир. Барча одамлар ҳаракат қилиб ўз жонини савдога қўювчидир. Бас, улар уни озод қилувчи ёки уни ҳалок қилувчилардир».

Муслим, Насоий ва Термизий ривоят қилишган.

Manba: islom.uz

Киритилди: 22:38 14.11.2019. Ўқилди: 6905 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!