НАТО бош котиби Марк Рютте Полша ҳаво ҳудудида яқинда содир бўлган дронлар билан боғлиқ ҳодисага жавобан альянснинг шарқий қаноти мудофаасини кучайтиришга қаратилган "Шарқий қўриқчи" ташаббуси бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда НАТОнинг Европадаги кучлари бош қўмондони Алексус Гринкевич билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида маълум қилинди:
Ушбу ҳарбий фаолият яқин кунларда бошланади ва Дания, Франция, Буюк Британия, Германия ҳамда бошқа иттифоқчиларнинг турли ресурсларини ўз ичига олади.
Рюттенинг таъкидлашича, ташаббуснинг амалга оширилиши НАТО мавқеига мослашувчанлик ва куч бағишлайди ҳамда мудофаа иттифоқи сифатида ўзини ҳимоя қилишга тайёрлигини аниқ намоён этади.
"Менинг фикримча, "Шарқий қўриқчи" альянснинг Узоқ Шимолдан то Қора денгиз ва Ўрта ер денгизигача бўлган бутун шарқий қанотини қамраб олади," - дея қўшимча қилди Гринкевич.
Ушбу ташаббус 10 сентябрга ўтар кечаси Полша ўз ҳаво ҳудудида Россия дронларини уриб туширгани ҳақида хабар берган воқеага жавоб тариқасида ишлаб чиқилди.