Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Исломда аёл киши қайси вақтда ажрашишга ҳақли?

Исломда аёл киши қайси вақтда ажрашишга ҳақли?

Савол: Исломда аёл киши қайси вақтда ажрашишга ҳақли? Ёки фақатгина эри талоқ қилганидами?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Исломда аёл киши хулуъ йўли билан эридан ажрашиши мумкин.

Хулуъ сўзи луғатда кўпроқ кийим ечиш деган маънода ишлатилади. Шариатда эса хотин кишининг арз қилиб, бир нарса бериб, эри билан ажрашишига хулуъ дейилади. Чунки эр-хотин Қуръон таъбири ила бир-бирига кийим ўрнида бўлади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ

Бас, агар икковларининг Аллоҳнинг чегараларида тура олмаслигидан қўрқсангиз, хотин берган эвазда икковларига гуноҳ йўқдир. Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларни бузманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларини бузса, бас, ўшалар, ана ўшалар золимлардир , деган (229-оят).

Ушбу ояти карима асосида Ислом шариатида хулуъ ҳукми жорий қилинган. Эр-хотин бирга яшашларининг иложи қолмаса, агар бирга турсалар, гуноҳ иш содир бўлиши муқаррар бўлиб қолса, хотин ажрашишни истаса, эрига фидя (тўлов) бериб, уни рози қилиб, ажрашиб кетса бўлади.

Бу масалада Мухтасари Виқоя нинг соҳиблари қуйидагиларни айтади:

Ҳожат тушганда, маҳрга яроқли нарса эвазига хулуъ қилса бўлади.

Бунга ҳозиргина ўрганган оятимиз ва қуйидаги ҳадиси шариф далилдир:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Собит ибн Қайснинг хотини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: Эй Аллоҳнинг Расули! Мен унга хулқда ҳам, динда ҳам бир айб қўя олмайман, лекин Исломда куфрон бўлишини (яъни эримни ёқтирмаганим учун унга итоатсизлик қилиб, гуноҳкор бўлишни) ҳам истамайман , деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: (Сенга маҳр қилиб берган) боғини унга қайтариб берасанми? дедилар. Ҳа , деди аёл. У зот (Собит ибн Қайсга) Боғни қабул қилиб олгин-да, уни бир талоқ қил , дедилар .

Бухорий ва Насоий ривоят қилганлар.

Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва-салламнинг айтганларини қилди ва шу тариқа Исломда биринчи хулуъ собит бўлди.

Хулуъ боин талоқдир.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулуъни бир боин талоқ ҳисоблаганлар.

Аёлга бадалини бериш вожиб бўлади.

Яъни эридан хулуъ қилаётган аёл эрига хулуънинг бадалини бериши вожиб бўлади.

Эрга, агар айб ўзида бўлса, бадални олиш, агар айб аёлда бўлса, ортиғини олиш макруҳдир.

Яъни эр ўзининг айби билан хотинни хулуъ қилишга олиб кел-ган ва хулуъ эвазига хотин маҳрнинг бадалини қайтариб бераётган бўлса, уни олиш эрга макруҳдир.

Аммо айб хотинда бўлса ва у маҳр бадали устига ортиғини ҳам бераётган бўлса, эр ўша ортиғини олиши макруҳ бўлади.

Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Жамила розияллоҳу анҳога бир боғни маҳр қилиб берган эдилар. Собит розияллоҳу анҳу ўзлари одобли, диндор бўлсалар ҳам, чиройли эмас эканлар. Шунинг учун хотинлари Жамилага ёқмаганлар.

Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, Жамила розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: Бир куни пардани кўтариб, кўчага қарасам, у бир гуруҳ одамлар билан келаётган экан, ичларида ундан кўримсизи, ундан хунуги йўқ экан , деган. Шунинг учун у куфрони аъшир, яъни эрга итоатсизлик бўлишидан қўрққан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жамиланинг ажрашиш истагини Собитга айтганларида у: Эй Аллоҳнинг Расули, мен унга энг яхши боғимни маҳр қилиб берган эдим , деган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жамила розияллоҳу анҳога: Унга боғини қайтариб берасанми? деганлар. Бу савол жавобига Жамила розияллоҳу анҳо: Ҳа, устига бошқа нарса ҳам бераман , деган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ортиғининг кераги йўқ , деганлар.

Маҳр бўлиши жоиз нарсани хулуъга ҳам бериш мумкин. Уламоларимиз: Хулуънинг миқдори ўша аёлга берилган маҳрдан ортиқ бўлмагани маъқул , дейишади.

Хулуъ Исломда аёл киши учун эрдан ажрашишга очиб берилган йўлдир. Эр ажрашишни хоҳласа, талоқ қилади. Хотин ажрашишни хоҳласа, қозига арз қилиб, хулуъ қилади.

Агар мол эвазига ёки мол бериш шарти билан талоқ қилса-ю, аёл қабул қилса, боин талоқ тушади. Хамр ва тўнғиз эвазига бўлса, эрга ҳеч нарса лозим бўлмайди. Хулуъда боин, талоқда ражъий тушади.

Эр: Сени минг тилла эвазига талоқ қилдим , деганда ёки Сени минг тилла бериш шарти билан талоқ қилдим деганда, хотин: Шартни қабул қилдим деса, орага бир боин талоқ тушади. Чунки икки ҳолатда ҳам талоқ хотиннинг қабулига боғлиқдир.

Хулуъ аёлнинг ҳаққида эваз олди-бердиси ҳисобланади. У мажлис билан чегараланади. Шунинг учун у айтганидан қайтиши ва ихтиёр қилиш шарти тўғри бўлади.

Хулуъ қилишни хоҳлаган аёл мол бериши лозим бўлгани сабабли бу иш унинг учун савдога ўхшаш нарсага айланиб қолади. Хулуъ масаласини ўша мажлиснинг ўзида ҳал қилиши лозим. Ундан кейинга қолдиришга ҳаққи йўқ. Шунинг учун у хулуъни таклиф қилганидан кейин эр қабул қилишидан олдин гапини қайтариб олишга ҳақлидир. Эр: Минг тилла бериш шарти ила сен талоқсан деганида, аёл: Қабул қилдим деса, унинг ихтиёр ҳаққи уч кунгача собит бўлади. Бу муддат ичида эр талоқни қайтариб олса, талоқ ботил бўлади. Аёл талоқни ихтиёр қилса, талоқ тушади ва эрига минг тилла бериши вожиб бўлади.

Хулуъ эрнинг ҳаққида қасамдир. Шунинг учун ҳукмлар аксинча бўлади.

Яъни (маҳрни қайтариб олган эр энди бу фикридан) қайтиши мумкин эмас ва унга ихтиёр ҳаққи ҳам берилмайди. Эркак масалани ўша мажлиснинг ўзида ҳал қилмасдан, кейинга қолдирса ҳам бўлади. Бошқа ҳукмларда ҳам шундай. Валлоҳу аълам.

Киритилди: 17:25 16.02.2019. Ўқилди: 37200 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!