Инсон ҳамиша ўзини намоён этишга интилиб яшайди. Жамиятда ўз ўрнини топиш, истеъдодини кўрсатиш, одамларга нафи тегиб, ҳаёт тўлқинига қўшилиб оқишга интилади. Бунинг учун, албатта, ҳаммадан куч, ирода, сабот, масъулият талаб этилади. Имконияти чекланган инсонларга эса бу хислатлар икки ҳисса кўпроқ керак.
Адлия вазирлиги ташаббуси билан имконияти чекланган ёшлар ўртасида тез-тез танловлар, кўргазмалар ташкил этиб турилади. Қорақалпоғистонда ташкил этилган навбатдаги хайрли ташаббус — «Мафтункор ранглар жилоси» кўргазмасида 15 нафар ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг ота-оналари, 17 та туман (шаҳар)лардаги Ногиронлар жамияти бўлимларининг ҳунармандлари, спортчилар ва бошқа ёшлар иштирок этишди.
Мазкур кўргазма мунтазам равишда Адлия вазирлиги, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Бадиий академияси билан ҳамкорликда «Биз биргамиз» ижтимоий лойиҳаси доирасида ташкил этиб келинади.
Кўргазмада иштирок этган Адлия вазири ўринбосари Шерзод Рабиев ҳар бир иштирокчининг ижод намуналарини алоҳида эътироф этар экан, мазкур хайрли ташаббус ногиронлиги бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва доимий равишда рағбатлантириб бориш мақсадида ўтказиб келинаётгани, у ёшларнинг иқтидорини юзага чиқаришга, доим олдинга интилишига ва ўзларига бўлган ишончни оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Ногиронлиги бўлган болаларни ҳар томонлама ва уйғун камол топтириш, уларнинг ижтимоий фаолиятини, меҳнат қилишга бўлган қизиқишини, таълим, илм-фан, техника, санъат ва спорт билан шуғулланишини қўллаб-қувватлаш жуда муҳимдир. Чунки шу орқали улар ўзини жамиятнинг бир бўлаги сифатида тасаввур эта олади, ўз ҳисларини, кечинмаларини, интеллектуал салоҳиятини, жисмоний куч ва ғайратини намойиш эта олади. Тадбирда ана шундай катта куч, ирода, меҳнат билан яратилган ижод маҳсуллари жамоатчиликка тақдим этилди. Болаларнинг рассомлик ва шахмат спорт тури борасидаги маҳоратлари яна бир бор синовдан ўтказилди.
Болалар оқ қоғозларга ҳаётга бўлган ишончини, умидини, келажакдаги орзуларини ёрқин рангларда акс эттиришган. Уларнинг нозик қалбини акс эттирган суратлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Болалар бу суратларида дунёни қандай қабул қилса шундайича гўзал тасвирлаган. Тасвирлар ортидан шундоққина кўриниб турган турфа фикрлар, ғоялар эса инсонларни матонатли бўлишга, бағрикенгликка, дунёдан ҳайратланишга ўргатади чиндан ҳам.
Шунингдек, танлов доирасида ногиронлиги бўлган болалар ўз қўллари бири яратган ҳунармандлик маҳсулотларининг кўргазмаси ҳам ташкил қилинди. Ҳунармандларнинг маҳсулотлари ярмаркаси, болалар концерт дастурлари, мультфильм қаҳрамонлари иштирокида турли намойишлар ва спорт тадбирлари бўлиб ўтди. Бу болажонларга яна ҳам катта завқ, кўтаринки кайфият бағишлади, ҳаётга, келажакка бўлган ишонч учун яна бир муҳим қадам бўлди.
Тадбир иштирокчилари қимматбаҳо совғалар, медаль ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.