Ўзбекистонда фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
2025 йилнинг 10 июль куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги қонунга кўра, шахсларнинг яшаши учун уй-жой майдонини берувчи тураржой мулкдори ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга шахс ушбу шахсларни яшаш жойи ёки турган жойи бўйича ўз вақтида рўйхатдан ўтказиши керак.
Жойлаштириш воситаларида турган шахсларни турган жойи бўйича хабардор қилиш тартибида рўйхатдан ўтказиш масъул ходимлар томонидан “E-mehmon” тизими орқали амалга оширилади.
Ўзбекистоннинг хорижда доимий яшовчи фуқаролари Ўзбекистонга кирган кундан 10 иш кунидан кечиктирмай яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиши шарт.
Ўзбекистон фуқароларини яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш қуйидагиларда амалга оширилади:
ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида;
давлат хизматлари марказларида;
ЯИДХП (my.gov.uz) орқали.
Яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига риоя этиш талаб қилинади.