Анадолу агентлиги хабарига кўра, Ирландия бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар ва мудофаа вазири Мишол Мартин музокаралар чоғида Ғазодаги вазиятдан чуқур хавотир билдирди. Унга кўра, ҳудудда ҳалок бўлганлар сони 43 минг кишидан ошган. «Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлари ҳар қандай маънавий кўрсатмалардан ташқарида. Биз бутун аҳолининг жамоавий жазоланишига ва Ғазо бутунлай вайрон қилинганига гувоҳ бўлмоқдамиз», — деди Мартин.
У зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди ва Исроилнинг БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва иш билан шуғулланувчи агентлиги (УНРWА) фаолиятини тақиқлашини қоралади. Ирландия томони УНРWАнинг фаластинликлар учун ўйнаган ролини ҳимоя қилиш ва Исроил ҳукуматининг агентликка «тизимли ҳужумлари»га қарши туриш учун халқаро ташкилотлар ва ҳамфикр давлатлар билан фаол ҳамкорлик қилмоқда, деди у.
Мартин, шунингдек, Ирландиянинг Фаластин давлатини тан олиши дунё миқёсида фаластинликлар билан бирдамликни намойиш этиш муҳимлигини эслатди. Унинг сўзларига кўра, Ирландия Геноцид конвенциясини бузгани учун Жанубий Африка томонидан Халқаро судда қўзғатилган Исроилга қарши суд ишига қўшилишни режалаштирмоқда. Бу масала бўйича якуний қарор йил охиригача эълон қилинади, деди Мартин.
Муҳокамалардан сўнг юридик кучга эга бўлмаган қарор овоз бериш йўли билан қабул қилинди. Ушбу ҳужжат ҳукуматни ҳаракат қилишга мажбур қилмаса ҳам, парламентнинг вазиятга нисбатан позициясини акс эттиради. Резолюция Ирландия ҳукуматини Исроил билан ҳар қандай ҳарбий материаллар савдосини тўхтатишга, икки мақсадли маҳсулотларни сотишни тақиқлашга, Исроилга қурол олиб кетаётган самолётлар учун Ирландия аэропортлари ва ҳаво кенгликларини ёпишга ҳамда мамлакатга савдо ва дипломатик санкциялар жорий этишга чақиради.