Яқин Шарқда адолатли ва кенг қамровли тинчликка эришишнинг ягона йўли - Исроил билан бирга яшайдиган Фаластин давлатини яратиш тўғрисидаги БМТ қарорини амалга оширишдир.
Бу ҳақда Иордания бош вазири ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Айман ас-Сафадий БМТнинг Фаластин муаммосини ҳал этишга бағишланган юқори даражадаги халқаро конференциясида сўзлаган нутқида маълум қилди.
"Фаластин давлатини тан олиш шошилинч заруратга айланди, фаластинликлар музокараларни бошлашга тайёрлигини билдирди, бироқ Исроил тинчлик жараёнига тўсқинлик қилмоқда ва ўз мажбуриятларини бажармаяпти”, — деди у. “Бундай вазиятда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг яҳудий давлатига қарши чора кўриш вақти келди”.
Ас-Сафадий халқаро ҳамжамият эътиборини Исроилнинг Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилдаги бир томонлама ҳаракатларига қаратди, унинг сўзларига кўра, бу "тинчлик истиқболларига путур етказади ва кескинликни кучайтиради". “Биз Исроилни тўхтатиш ва гуманитар фалокат давом этаётган Ғазо секторидаги фожиага барҳам бериш учун ҳаракат қилишимиз керак”, деди у.