Одам савдосига қарши кураш бўйича кенг кўламли халқаро операция натижасида камида 158 нафар гумондор қўлга олинди. Ҳозирда олиб борилаётган тергов доирасида жиноий фаолиятга алоқадорлиги айтилаётган яна 205 нафар шахснинг шахси ҳам аниқланган.
Бу ҳақда Интерпол пресс-релизида маълум қилинди.
"Операцияда 43 мамлакатдан 15 мингга яқин ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, жумладан полиция, чегарачилар, меҳнат инспекторлари, шунингдек, солиқ ва божхона органлари иштирок этди”, — дейилади агентлик хабарида.
У ерда “Глобал занжир” операцияси 2025 йилнинг 1-6 июн кунлари Австрия ва Руминия ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлигида бўлиб ўтгани таъкидланди. Мувофиқлаштириш ва қўллаб-қувватлаш Интерпол, Европол ва Европа чегара ва қирғоқ қўриқлаш агентлиги томонидан амалга оширилди.
Терговчилар, шунингдек, 64 хил давлат фуқаролари бўлган "1194 потенциал қурбонлар" аниқлангани ҳақида хабар беришди, уларнинг аксарияти Руминия, Украина, Колумбия ва Хитойдан. Қайд этилишича, операция давомида салкам 278 минг евро нақд пул, қалбаки ҳужжатлар, гиёҳванд моддалар ва ўқотар қуроллар мусодара қилинган.