Пойтахтимизда Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан “Ўзгараётган дунё учун инновациялар” шиори остида ташкил этилган “InnoWeek–2026” — халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги расман очилди. Уч кун давомида илм-фан ютуқлари, замонавий технологиялар, истиқболли ишланмалар ва янги бизнес ғоялар намойиш этилиб, маҳаллий ҳамда хорижий ҳамкорлар ўртасида тажриба алмашиш ва янги лойиҳаларни йўлга қўйиш учун имкониятлар яратилади.
Ҳафталикнинг очилиш маросимида вазирлик ва идоралар раҳбарлари, хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари вакиллари, халқаро илмий марказлар олимлари, технологик соҳа экспертлари, стартап экотизими вакиллари, ёш инноваторлар, ихтирочилар, тадбиркорлар ҳамда инвесторлар иштирок этди.
Очилиш маросимида сўзга чиққанлар “InnoWeek” ҳафталигининг илмий тадқиқотлар натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш, қўшимча қиймат занжирини яратиш ва мамлакатнинг инновацион салоҳиятини рўёбга чиқаришдаги аҳамиятини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатимиз олимлари ва илмий муассасаларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш, илмий изланишларни иқтисодиётнинг реал эҳтиёжларига йўналтириш ҳамда замонавий технологияларни ўзлаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Бу йилги ҳафталик халқаро иштирок кўлами ва намойиш этиладиган ишланмалар хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Унда Япония, Хитой, Жанубий Корея, АҚШ, Канада, Италия, Буюк Британия, Венгрия, Сингапур, Германия, Франция, Швейцария, Ҳиндистон, Эрон, Россия, Беларусь, Озарбайжон, Грузия, Туркия, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон каби 30 дан ортиқ давлатдан 200 нафарга яқин вакил, 50 га яқин халқаро компания, олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, венчур фондлар, молия ташкилотлари ва бошқа ҳамкорлар иштирок этмоқда. Бу халқаро илмий-технологик алоқаларни кенгайтириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва истиқболли қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш учун муҳим майдондир.
Ҳафталикнинг асосий йўналишларидан бири — инновацион ишланмалар кўргазмаси. 15 минг квадрат метрдан ортиқ майдонда ташкил этилган кўргазмада жами 265 та экспонент, жумладан, 225 та маҳаллий ва 40 та хорижий иштирокчи ўз маҳсулот ва ишланмаларини тақдим этмоқда. Кўргазма ҳудудида 12 та блок ва 240 та стенд ташкил этилиб, 750 та инновацион маҳсулот намойиш қилинмоқда.
Кўргазмада олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот ташкилотлари, инновацион тадбиркорлик субъектлари, спин-офф компаниялар, ёш стартапчилар, Яшнобод технопарки ва ҳудудий ёшлар технопарклари, Жаҳон банкининг “MUNIS” лойиҳаси иштирокчилари, ихтирочилар ва рационализаторлар ўз ишланмаларини намойиш этмоқда. Шунингдек, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Германия, Венгрия ва Қозоғистон вакиллари ўз технологиялари ва инновацион ечимларини тақдим этмоқда. Бу ташриф буюрувчиларга маҳаллий ишланмалар билан танишиш, хорижий тажрибани ўрганиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имконини беради.
Уч кун давомида ҳафталик дастуридан ўрин олган жами 21 та тадбир доирасида илм-фан, инновацион тадбиркорлик ва халқаро ҳамкорликнинг турли йўналишлари қамраб олинади. Хусусан, 6 та халқаро ва маҳаллий форум, 5 та тақдирлаш маросими, 3 та сессия, 2 та Demo Day, 2 та тақдимот, 1 та конференция ҳамда 2 та илмий мулоқот ва давра суҳбати ўтказилади.
Тадбирлар доирасида олимлар, тадқиқотчилар, тадбиркорлар ва инвесторлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилиб, илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш, уларни тижоратлаштириш ва янги лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Ҳафталикнинг яна бир муҳим йўналиши — халқаро бизнес ҳамкорликни ривожлантириш. B2B учрашувлар орқали маҳаллий корхоналар хорижий компаниялар билан алоқалар ўрнатиш, ўзаро манфаатли таклифларни муҳокама қилиш ва қўшма лойиҳалар бўйича дастлабки келишувларга эришиш имкониятига эга бўлади. Бундай учрашувлар илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, инновацион маҳсулотларни бозорга олиб чиқиш ҳамда халқаро бизнес алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилади.
“InnoWeek–2026” доирасида илмий ва таълим ташкилотларининг моддий-техник имкониятларини кенгайтиришга қаратилган амалий ташаббус ҳам амалга оширилади. Жумладан, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот ташкилотларига Кореяда ишлаб чиқарилган, экологик тоза, сиқилган табиий газда ишлайдиган 50 та трактор беғараз топширилади.
Шунингдек, илм-фан ва инновация соҳасида самарали натижаларга эришган олимлар, ихтирочилар, тадқиқотчилар ва ёш инноваторларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ҳафталик доирасида “Ҳудуднинг энг яхши 100 та инновацион лойиҳаси”, “Энг яхши олий таълим ихтирочиси” ва интеллектуал фаолият йўналишидаги танловлар ғолиблари тақдирланади. Бундан ташқари, “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони соҳиблари эътироф этилади. Ушбу маросимлар илмий изланишлар ва янги ғояларни қўллаб-қувватлаш, инновацион фаолликни оширишга хизмат қилади.
Ҳафталик ташриф буюрувчилар, жумладан, талабалар ва ёш ота-оналар учун ҳам қизиқарли бўлиши кўзда тутилган. Шу мақсадда болалар ҳудуди, виртуал саёҳат имконини берувчи VR майдони ва инновацион кўнгилочар ўйинлар ташкил этилган. Натижада ташриф буюрувчилар замонавий технологиялар билан танишиш билан бирга, уларнинг имкониятларини интерактив шаклда синаб кўришлари мумкин.
“InnoWeek–2026” илмий ғояларни амалий ечимларга айлантириш, маҳаллий ишланмаларни халқаро майдонга олиб чиқиш ва илм-фан билан бизнес ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган. Ҳафталик олимлар, тадқиқотчилар, талабалар, ёш инноваторлар, стартап асосчилари, тадбиркорлар ва инвесторлар учун янги имкониятлар, ҳамкорлик алоқалари ва истиқболли лойиҳалар сари йўл очади.
Ҳафталик 29 октябрга қадар давом этади.