Ҳаво совиши билан иммунитет сустлашиб, айниқса болаларда шамоллаш ва вирусли касалликлар хавфи ортади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ота-оналарга фарзандлари соғлиғини муҳофаза қилиш учун амалий тавсиялар берди.
ССВ тавсиялари қуйидагилардан иборат:
🔹 Қўл гигиенаси. Болалар кўпчилик орасида бўлгани учун қўлларни мунтазам совун билан ювиш, беморлар билан яқин алоқада бўлмаслик муҳим.
🔹 Шамоллаш белгиларида уйда қолдириш. Бу нафақат боланинг соғлиғини тиклашга, балки касаллик тарқалишининг олдини олишга ёрдам беради.
🔹 Фаслга мос кийим. Болалар на жуда енгил, на жуда қалин кийинмаслиги керак. Нам кийимлар эса дарҳол алмаштирилиши шарт.
🔹 Соғлом овқатланиш. Рационда мевалар, сабзавотлар, кўкатлар, сут ва балиқ маҳсулотлари, товуқ гўшти ва дуккакли егуликлар бўлиши керак. Газли ичимликлар, чипс ва ширинликлардан воз кечиш зарур.
🔹 Уйқу режаси. Мактаб ёшидаги болалар ҳар куни 8–10 соат ухлаши шарт. Ухлашдан олдин телефон ва планшетдан фойдаланмаслик тавсия этилади.
🔹 Шахсий гигиена. Юз-қўлларни ювиш, тишларни кунда икки марта тозалаш, кийимларни мунтазам алмаштириш соғлом ўсиш учун асосий шарт ҳисобланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ота-оналарни фарзандларига эътиборли бўлишга, уларнинг иммунитетини кучайтириш учун соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашга чақиради.