“Hyundai” бир неча йилдан буён қурилиш майдончасини автоматлаштиришга мўлжалланган “Xite Transformation” лойиҳаси билан шуғулланмоқда. Мазкур янгилик доирасида компания “ConceptX” ақлли эксковаторини ихтиро қилди.
Дастлабки шундай машина Лас-Вегасда – “CES-2024” кўргазмасида намойиш этилди. Тўлиқ электр қуввати билан ишлайдиган бу қурилманинг ҳайдовчи ўтирадиган кабинаси йўқ. Яъни, машинани бошқарувчи одам керак эмас. Замонавий технологияни қўллаб-қувватлайдиган, автоматлаштирилган тизим “Concept X” иши учун жавобгар.
Электр эксковаторидан ташқари “Hyundai” юкни ўзи туширадиган автомобил ва ихчам ғилдиракли юк кўтаргич ҳам яратмоқда. Бундай воситалардан яқин йилларда фойдаланила бошлайди.
Ўлчагич ва камералар тўплами билан жиҳозланадиган эксковаторнинг металл чўмичи рақамли тасвирни мониторга узатади. Бу юк ташилишини осонлаштиради, электр ва газ тизимига шикаст етишининг олдини олади.
“Hyundai” кўргазмада тўрт ўринли учар таксини ҳам намойиш қилди.