Ямандаги «Ансор Аллоҳ» ҳаракати Саудия Арабистонининг бир қатор стратегик объектларига қарши тўртта ҳарбий операция ўтказганини даъво қилди.
Ҳаракатнинг ҳарбий вакили Яҳё Сариънинг маълум қилишича, ҳужумларда баллистик ракеталар ва учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланилган.
Биринчи операция доирасида Ар-Риёддаги Қирол Холид номидаги халқаро аэропорт ҳамда «Шарқ — Ғарб» нефть қувурининг бир нечта насос станцияси нишонга олинган. Сариъ ушбу объектларда ёнғинлар келиб чиққани ва инфратузилмага зарар етганини таъкидлади.
Иккинчи ҳужум Саудия Арабистони шарқидаги Абқайқ шаҳрида жойлашган Saudi Aramco нефть компанияси объектига қаратилгани айтилмоқда.
Учинчи операция Яманнинг жануби-ғарбидаги Ал-Мадориба ва Рас-эл-Ара ҳудудларида тўпланган саудиялик ҳарбийларга қарши амалга оширилгани билдирилди. Ҳаракат вакили ушбу зарбалар оқибатида кўплаб ҳарбийлар ҳалок бўлгани ва жароҳатланганини даъво қилди.
Тўртинчи операцияда эса Ар-Риёддаги молиявий марказ нишонга олинган.
Ҳусийлар вакили хорижий компаниялар ва инвесторларга мурожаат қилиб, Саудия Арабистонидан сармояларини олиб чиқишни тавсия этди. У Саудия Арабистони Ямандаги ҳарбий ҳаракатларини тўхтатмагунича ва блокадани бекор қилмагунича ҳужумлар давом этишини билдирди.
Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция ва ҳусийлар ўртасидаги қарама-қаршилик 2026 йил сентябрида яна кескинлашган. Октябрь ойидан бошлаб мамлакатнинг аэропортлари ва бошқа стратегик объектларига ҳужумлар кўпайган.
10 октябрь куни Ар-Риёд халқаро аэропортига берилган зарба оқибатида 12 киши ҳалок бўлган, 309 нафар инсон жароҳат олганди.
8 ноябрь куни эса Reuters агентлиги Саудия Арабистони пойтахтида бир қатор портлашлар кузатилгани ҳақида хабар берган.
Шу билан бирга, Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция 10 ноябрда бир нечта ракета ва дронларни уриб туширганини маълум қилди. Ҳусийларнинг янги зарбалар оқибатидаги вайронагарчилик ва қурбонлар ҳақидаги даъволари ҳозирча мустақил манбалар томонидан тўлиқ тасдиқланмаган.