Ямандаги ҳусийлар ҳаракати Саудия Арабистонида жойлашган Saudi Aramco нефть компанияси объектларига зарба бериш билан таҳдид қилди.
Бу ҳақда ҳусийлар вакилига таяниб, Al Masirah телеканали хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ҳусийлар эҳтимолий ҳужум нишонлари сифатида Саудия Арабистонининг Даммом шаҳридаги Saudi Aramco компанияси офиси, Ар-Риёдда жойлашган нефтьни қайта ишлаш заводи ҳамда Қирол Холид номидаги халқаро аэропортни кўрсатган.
Ҳаракат вакилларининг таъкидлашича, мазкур объектларга зарбалар Яман ҳудудидаги иншоотларга ҳужумлар уюштирилган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин.
Шунингдек, ҳусийлар тинч аҳолини эҳтимолий нишон сифатида кўрсатилган объектлардан зудлик билан эвакуация қилишга ва улардан узоқроқда бўлишга чақирган.
Ҳозирча гап эҳтимолий жавоб зарбалари ҳақидаги огоҳлантириш устида бормоқда. Хабарда мазкур объектларга амалда ҳужум уюштирилгани ҳақида маълумот келтирилмаган.