Абдуқодир Ҳусанов Беларусда ҳам, «Ланс»да ҳам, Ўзбекистон терма жамоасидаям уч марказий ҳимоячили схемада муваффақият қозонган. Шу жиҳатдан олсак, гўё «Манчестер Сити»да адаптация қийинроқ бўлиши керакдек.
Лекин шу билан бирга Гвардиоланинг сўнгги икки йилдаги схемаси одатий 4 ҳимоячили структуралардан фарқ қилишига ҳам аҳамият бериш керак. «Сити» «Ливерпул» ёки «Реал» каби икки марказ ва қанотларда анъанавий фулбеклар билан ўйнамаяпти. Бироз мураккаброқ.
Пеп Гвардиола шогирдлари қоғозда 4-3-3 бўлса ҳам жойлашувда бироз фарқ қилади. Алдамчи фулбэклар деган позицияни ҳам айнан Гвардиола кенг қўллай бошлаган.
Тўп билан икки хил ротация бор: 1) қанотдаги Рико Люис ёки марказдаги Аканжи марказдаги таянч яримҳимоячидан бирига айланади. 2) Йошко Гвардиол қанотда анча олдинга чиқиб, ҳимояда яна учлик пайдо бўлади.
Шунинг учун Гвардиола одатда ҳимояда учта, ҳатто баъзида тўртта марказий ҳимоячи профилидаги футболчилардан фойдаланишни одат қилган. Диаш, Уокер, Аканжи, Аке, Гвардиол - номзод кўп бўлса-да, Ҳусанов дебюти кўп куттирмаса керак. Шунингдек, Уокер, Аке ва Стоунзлар ёши анча ўтди, клуб уларни сотиш ҳақида ҳам ўйлай бошлаган.
Трансферга Пепнинг ўзи розилик бергани ва яхши пул сарфлаганидан келиб чиқсак, Ҳусанов профил жиҳатидан айнан керакли футболчи сифатида баҳоланган. Ориф Толипов каналида чиқарган таққослама жадвалига қарасангиз ҳам, Ҳусанов устунлик ва камчиликлар борасида «Сити»даги бошқа ҳимоячилардан мутлақо фарқли профил. Баъзи кўрсаткичларда икки баробар каттароқ натижа кўрсатган. Тўғри, «Сити» ва «Ланс» ўйин услубидаги фарқ ҳам муҳим, аммо биз таниган Ҳусанов «Манчестер Сити» ҳимоясидаги мувозанатга ижобий таъсир қилса керак. Айниқса, қарши ҳужумлардан «Сити» жуда кўп хавфли зарбалар ўтказяпти, бу борада (қарши ҳужумлар сонига нисбатан ўтказилган зарбалар ўртача хавфи) АПЛда 19-ўринга тушиб кетди ҳам. Айни дамда Ҳусанов айнан шу учун керак.
Гвардиола анча ёш футболчини олаётганига қарасак ҳам, у Ҳусановда нимадир кўра олган ва ўз ғояларини сингдириш учун мос босқичда. Табиийки, бу ҳамюртимизнинг ўсишига туртки бўлади.
Нималар деяпмиз-е, Пеп Гвардиола, «Манчестер Сити», АПЛ, Абдуқодир Ҳусанов... Ҳали воқеанинг бор моҳиятини тўлиқ англаб етмадик, ишонаверинг.
Қаҳрамон Асланов.