Ҳормуз бўғозидаги вазият яна кескинлашиб, Эрон, АҚШ ва Исроил ўртасидаги зиддият янги босқичга ўтмоқда.
Маълумотларга кўра, 4 май куни Эрон Ҳормуз орқали ўтаётган Америка ҳарбий кемалари ва савдо судналарига ҳужум қилишга уринган. Шунингдек, БАА ҳудудидаги энергетика объектларига ҳам зарбалар берилган.
Бу ҳолат ортидан Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху шошилинч маслаҳатлашувлар ўтказиб, кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш эҳтимолини муҳокама қилди.
Эрон томони эса Вашингтонни сулҳни бузишда айблаб, вазият учун АҚШни масъул деб ҳисобламоқда. Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Қолибоф АҚШ ҳаракатлари минтақадаги барқарорликка таҳдид солаётганини билдирди.
Шу билан бирга, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси АҚШ ва Исроил кемаларининг ҳаракатларига қарши чоралар кўрилаётганини маълум қилди.
БАА ТИВ Эроннинг ҳужумларини қоралаб, жавоб чоралари кўриш ҳуқуқини сақлаб қолишини таъкидлади.
Вашингтон эса вазиятни куч билан эмас, назорат билан ушлаб туришга ҳаракат қилаётганини билдирмоқда. Дональд Трамп Эронни огоҳлантириб, ҳар қандай ҳужумга кескин жавоб бўлишини айтди.
Мутахассислар фикрича, Ҳормуз бўғозидаги бу кескинлик нафақат минтақавий, балки глобал энергетика бозори ва хавфсизлик тизимига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.