Kun.uz мухбири Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси Ҳожимат Эркинов билан боғланиб, вазият ҳақида фикрлари билан қизиқди.
«Алимент масаласига келсак, биласиз, алимент тўламаган одам Ўзбекистондан чиқариб юборилмайди. Мен ҳамма алиментларимни тўлаб, жой-жойига қўйганман. Бу ҳақдаги чекларим ҳам бор, буни исботлаб беришим ҳам мумкин.
2023 йил октябр ойида болам туғилган, мени декабр ойида алиментга беришди. Декабрнинг ўзида 4,5 минг доллар тўлаб берганман, кейин январ ойидан бошлаб июнга қадар 300 доллардан тўлаб келаман. Менимча, бу бир болани эплаб олишга етади»
У алимент учун тўлов амалга оширилганини тасдиқловчи чекларни таҳририятга тақдим этди. Уна кўра, Эркинов 2024 йил 8 феврал куни 63 млн 466 минг сўм миқдорда алиментни 2023 йил декабр ойи учун тўлаган. Бу унинг алимент учун илк тўлови бўлган ва бу БААнинг «Ал-Ваҳда» клуби билан шартнома имзолаганидан 1 кун ўтиб амалга ошган. Эркинов суд буйруғи чиққандан буён тўлаган алиментининг жами миқдори 86 млн 736 минг сўмни ташкил қилган.
Эркинов Kun.uz мухбирига ҳам шартнома шартлари сабаб «Ал-Ваҳда»даги даромадини очиқлай олмаслигини маълум қилган.