Бугун 21 август, 2026 йил, жума

O'ZB

«Ҳизбуллоҳ» Ливанни Исроил билан музокараларни тўхтатишга чақирди

«Ҳизбуллоҳ» Ливанни Исроил билан музокараларни тўхтатишга чақирди

«Ҳизбуллоҳ» депутатларини бирлаштирган парламентдаги «Қаршиликка садоқат» блоки Ливан ҳукуматини Исроил билан тузилган доиравий келишувни бекор қилиш ва музокара жараёнидан чиқишга чақирди.

Исроил ўлдиришлар, вайронагарчиликлар, аҳоли пунктларини ўққа тутиш, мамлакат жанубидаги қишлоқлар ва йўлларни вайрон қилишни давом эттирмоқда, дейилади Ливан парламентида «Ҳизбуллоҳ» номидан чиқиш қилаётган фракциянинг ёзма баёнотида.

Ҳужжатда ўтган ҳафта Ансар ва Дейр-эз-Захрани шаҳарларида 11 киши ўлдирилгани, уларнинг олти нафари бир оила аъзолари бўлгани қайд этилган.

«Қаршиликка садоқат» блоки Ливан ҳукуматидан музокаралардан воз кечишни талаб қилди. Депутатлар имзоланган доиравий келишув унда белгиланган мақсад ва шартларнинг бирортасига эришиш имконини бермаганини таъкидлади. Гап, аввало, ҳужумларни тўхтатиш ва Исроил қўшинларини Ливан ҳудудидан олиб чиқиш ҳақида бормоқда.

Депутатлар АҚШ маъмуриятини ҳам Исроилнинг Ливанга қарши ҳужумларини қўллаб-қувватлаётганликда айблади.

Ливан ва Исроил ўртасидаги доиравий келишув томонлар ўртасидаги тўғридан-тўғри музокараларнинг бешинчи босқичидан сўнг 26 июнь куни Вашингтонда имзоланган эди.

2 мартдан бошлаб Исроил армияси Ливан ҳудудига интенсив ҳаво зарбаларини берди, шу билан бирга қўшинларини киритиб, мамлакат жанубидаги кўплаб шаҳарларни эгаллади.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу ҳарбий кампания бошланганидан бери Исроил зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 4346 нафарга етган, яна 12 301 киши жароҳатланган. Ливан ҳукумати маълумотларига кўра, мамлакатда мажбуран кўчирилганлар сони бир миллиондан ошган.

Ливан ва Исроил ўртасидаги сулҳ 17 апрель куни кучга кирган ва шундан бери бир неча бор узайтирилган. Бироқ келишув амалда бўлишига қарамай, Исроил армияси турли баҳоналар билан Ливаннинг жанубий ҳудудларига зарба беришда давом этмоқда.

Киритилди: Бугун 21:10. Ўқилди: 161 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!