Ҳиндистоннинг Гвалиор шаҳрида юк машинаси ибодатхонага йўл олган зиёратчиларни босиб кетиши оқибатида 15 киши ҳалок бўлди, яна 33 нафар инсон турли даражада жароҳат олди.
Бу ҳақда India Today нашри маҳаллий полиция маълумотларига таяниб хабар бермоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, юк машинаси ҳайдовчиси транспорт воситасини бошқара олмай қолган ва натижада одамлар тўдаси устига бостириб кирган.
Ҳодиса Шитла Мата ибодатхонасига йўл олган зиёратчилар иштирокида содир бўлган.
Қайд этилишича, йўлнинг ушбу қисмида тик қиялик мавжудлиги сабабли оғир юк машиналарининг ҳаракатланиши тақиқланган.
Полиция маълумотларига кўра, жароҳатланганлардан олти нафарининг аҳволи ўта оғир деб баҳоланмоқда.
Айни пайтда фожианинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.