Ҳиндистон Жҳарханд штатида қутурган фил камида 17 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда The Independent хабар берди.
Штат расмийларининг маълум қилишича, фил етти кун давомида Саранда ўрмон минтақаси бўйлаб камида 12 марта ҳужум уюштирган. Фожианинг энг мудҳиш нуқтаси Ғарбий Сингхбҳум туманида кузатилган — ҳайвон икки кун ичида 13 кишини, жумладан, бир оиланинг тўрт нафар аъзосини ўлдирган.
Чайбаса ўрмон хўжалиги бўлими ходими Адитя Нараяннинг сўзларига кўра, фил бир неча кундан бери штат бўйлаб ўта тажовузкор ҳаракатлар қилмоқда ва ўз жойлашувини тез-тез ўзгартираётгани сабабли уни қўлга олиш қийинлашмоқда.
“Фил қутуриш ҳолатига тушган кўринади. Бизнинг асосий вазифамиз — уни имкон қадар тезроқ тинчлантириш. Ҳайвонда “муст” (эркак филларда репродуктив гормонлар кўпайиши сабабли даврий агрессия ҳолати) кузатилаётгани аниқ, бу унинг ўта тажовузкорлигини изоҳлайди”, дея таъкидлади мутахассис.
Ҳозирда филни жиловлаш ва уни хавфсиз ҳудудга ҳайдаш учун 80 нафарга яқин ходим сафарбар этилган. Шунингдек, қўшни Ғарбий Бенгалия штатидан ҳам экспертлар жалб қилинган. Штатда кучли қўрқув муҳити ҳукмрон бўлиб турибди. Қишлоқ аҳолиси уйларидан чиқишга қўрқмоқда, айниқса, болалар ва кексалар хавфсизлигидан хавотирда. Расмийлар аҳолини ўрмонларга бормасликка ва ҳушёр бўлишга чақирган.
Минтақавий ўрмонларни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Смита Панкажнинг тушунтиришича, ҳайвоннинг ҳужум қилиш услуби бир хил:
“Фил қоронғи тушиши билан уй ва қишлоқларга ҳужум қилиб, тажовузкор бўлиб қолади. У жуда тез ҳаракат қилади ва гуруҳларимизни чалғитади. Кундузи эса ўрмон ичкарисига яширинади”.
Филнинг кутилмаган ҳаракатлари туфайли минтақада олти йўналишдаги поездлар қатнови бекор қилинган.