Ҳиндистон Хитойдан кейин Россияга икки мақсадли технологияларнинг иккинчи йирик етказиб берувчисига айланди. Бу ҳақда Америка ва Европа амалдорларига таяниб, Bloomberg хабар берди.
Қайд этилишича, Ҳиндистон Россиянинг экспорт қилиши чекланган товарларни — микрочиплар, микросхемалар ва станоклар етказиб бермоқда. 2024 йилнинг апрел ва май ойларида ушбу маҳсулотлар экспорти 60 миллион доллардан ошган — бу жорий йилнинг олдинги ойларига нисбатан тахминан икки баробарга юқори. Июлда экспорт 95 миллион долларгача етган бўлиб, ундан фақат Хитой олдинда.
Бу борадаги кўрсаткичларнинг ошишига Ҳиндистонга нефт сотиш орқали Россияда тўпланиб қолган улкан миқдордаги рупий захираси сабаб бўлган.
Bloomberg манбасининг сўзларига кўра, экспорт тўғрисидаги маълумотлар Россия томонидан ҳарбий-саноат мажмуаларида фойдаланилаётган технологияларнинг қарийб бешдан бир қисми Ҳиндистон орқали кириб келаётганини билдиради.
Ушбу масалани кўтараётган Украина вакиллари ҳиндистонлик ҳамкасбларидан деярли ҳеч қандай жавоб олмаган. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳолатга изоҳ беришдан бош тортган.