Ҳиндистон шимолидаги Уттар-Прадеш штати Оллоҳобод шаҳрида уюштирилган, ҳар 12 йилда бир марта ўтказиладиган ва 45 кун давом этадиган Маҳа Кумб Мела фестивалида тиқилинч юзага келиб, 30 киши қурбон бўлди, 60 одам жароҳатланди. Бу ҳақда “Hindustan Times” хабар тарқатди.
Штат бош вазири Йоги Адитянат айтишича, ҳодиса Тривени Сангам дарёси томон гуноҳини ювиш учун кетаётганлар тўсиқдан сакраб ўтаётганда юз берган.
Мамлакат Бош вазири Нарендра Моди ижтимоий тармоқ орқали марҳумларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.
13 январь куни миллионлаб инсонлар иштирокида бошланган фестивалга келувчиларни қабул қилиш учун шаҳарда 160 мингдан кўп чодир ҳозирланиб, 400 километрга чўзилган вақтинча йўллар қурилган эди.
Бу йил жами 400 миллиондан зиёд фуқаро Тривени Сангам дарёси бўйлаб “муқаддас сув” ҳисобланган Ганг, Ямуна ва Сарасвати дарёларининг қўшилиш жойида 45 кунлик “зиёрат” қилиши кутиляпти.
Дунёдаги энг йирик ушбу диний байрам пайти ҳиндлар дарёда чўмилиш гуноҳларни ювади, деб ҳисоблайди.
2001 йил Оллоҳобод шаҳрида 60 миллион киши бир кунда Ганг сувига тушиш учун тўпланиб, жаҳон рекордини ўрнатган. Ҳатто, 2021 йил ҳам миллионлаб ҳиндлар COVID-19 вируси авж олганига қарамай, Тривени Сангам дарёсида чўмилган.