Бугун 6 март, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Ҳар йили минглаб маҳбуслар қамоқхонада Исломни қабул қилмоқда: "Мен инсонийлигимни қайта топдим"

Ҳар йили минглаб маҳбуслар қамоқхонада Исломни қабул қилмоқда: "Мен инсонийлигимни қайта топдим"

АҚШда ҳар йили ўн минглаб маҳбуслар қамоқда Исломга кираётгани кузатилмоқда. "CBS Mornings"нинг "Лиса Линг билан руҳият ҳолати" туркумининг сўнгги қисми нима учун бу дин панжаралар ортидаги кўпчиликни ўзига жалб қилаётганини ўрганди.

Қамоқхонада Исломга кириш

Рами Нсоур аксарият кунлари ўзининг маҳаллий почта бўлимига боради ва почта қутисини мамлакатнинг турли бурчакларидан келган, ундан руҳият йўл-йўриқ ва Исломий таълим манбалари сўраб ёзилган маҳбусларнинг хатлари билан тўла ҳолда топади. Нсоур АҚШда маҳбусларга Исломий таълим бўйича масофавий ўқув дастурини таклиф этган илк ташкилот - Tayba Foundation асосчиси ва раҳбаридир.

"Тахминан 15 йил олдин бошлаганимизда, бу мусулмон маҳбуслардан эшитган асосий эҳтиёж эди," деди Нсоур. "Шунинг учун биз бу бўшлиқни тўлдириш ва эҳтиёжни қондириш мақсадида ушбу ташкилотни ташкил этдик."

Ислом АҚШ қамоқхоналарида энг тез ўсиб бораётган диндир. Нсоурнинг айтишича, унинг ташкилоти 13 000 дан ортиқ кишига хизмат кўрсатган ва уларнинг тахминан 90 фоизи исломни қабул қилган, кўпчилиги эса қамоқда бўлган пайтида. Нсоурнинг фикрича, кўпчилик қамоқхонада бўлганида исломга киришади, чунки у ерда жисмоний ва руҳий чекловлар жуда кўп, одамлар эса эътиқод орқали маънавий озодликни топадилар.

"Чунки унда бўйсуниш даражаси бор, шунинг учун сиз маълум бир тартибга бўйсунасиз, беш вақт намоз ўқийсиз, муайян усул бор," деб тушунтирди Нсоур. "Улар бу деворлар энди уларни чеклай олмаслигини англаб етадилар."

Аминнинг ҳикояси

Муҳаммад Амин Андерсон исломга кўп сабаблар туфайли, жумладан, у берган маънавий эркинлик учун ҳам жалб қизиққан. У тўда билан боғлиқ қотиллик учун 30 йиллик қамоқ жазосининг тахминан икки йилидан сўнг исломни қабул қилган.

"Қамоқхонага келганимда, менда инсонийлик йўқ эди... лекин қамоқхонага кирганимдан сўнг, мен инсонийлигимни қайта топдим," деди у, бунда Исломнинг ёрдам берганини таъкидлаб.

Филаделфияда туғилган Кристофер Андерсон руҳонийнинг ўғли эди, бироқ ўсмирлик пайтида у кўча ҳаётига қўшилиб кетди.

"Аслида, мен тахминан бир ярим йил мобайнида гиёҳвандликка мубтало бўлганман," деди у. "Бир гуруҳ йигитлар билан алоқада бўлдим ва улар шаҳримизда гиёҳванд моддалар сотишарди."

Йигирма ёшларида Андерсон жиноий гуруҳ билан боғлиқ қотилликда иштирок этди. Қамоқ камерасига тушгач, у ўз ҳаёти, эътиқоди ва руҳияти ҳақида чуқур ўйлай бошлади.

"Қамоқхонадаги йилларимни бошқа динларни ўрганишга бағишладим," деди у. "Фақат Ислом мен учун маъноли туюлди."

Андерсоннинг руҳияти чуқурлашган сари, у Тайба жамғармаси ва Нсоур билан алоқа ўрнатди. Нсоур қамоқхонада Андерсонга телефон орқали таълим бера бошлади.

"Ўз-ўзини ўрганиш орқали эришиш мумкин бўлган нарсалар чекланган," деб тушунтирди Нсоур. "Шунинг учун мен унга қўнғироқ қила бошладим, материаллар юбордим, саволларига жавоб бердим ва 17 йил давомида уни шунчалик ўқитдимки, у қамоқхоналарда дарс бера оладиган даражага етди."

Исломга ўтиш ҳақидаги нотўғри қарашлар

Қамоқхонада одамларнинг исломни қабул қилиш сабаблари ҳақида ҳанузгача кенг тарқалган янглиш тушунчалар мавжуд. Баъзилар маҳбуслар бу дин таъсирида радикаллашмоқда, деб ўйлайди. Аммо Нсоурнинг айтишича, бу мутлақо ҳақиқатдан йироқ.

"Статистика буни тасдиқламайди," деди у. "Бундай ҳолат учрайдими? Ҳа. Лекин бу худди қамоқхонада радикаллашган ва кейинчалик террорчилик ҳаракатини содир этиши мумкин бўлган христиан экстремистлари каби камдан-кам учрайдиган ҳолат."

Миллий ахлоқ тузатиш институти маълумотларига кўра, АҚШда мусулмон маҳбусларнинг радикаллашуви туфайли зўравонлик жуда кам учрайди ва бунинг содир бўлаётганига деярли ҳеч қандай далил йўқ. Аслида, Нсуорнинг таъкидлашича, кўп кишилар мусулмон маҳбусларнинг хатти-ҳаракатларини кузатиб, бу динга қизиқиб қолишади.

"Улар бу одамнинг бошқалардан фарқ қилишини сезишади. У қамоқхонадаги бошқа одамлар каби хато йўлга кириб кетмаяпти," деди Нсур. Шундай қилиб, улар ундан сўрашади ва у: "Бу менинг исломим ва менинг исломим менга феъл-атворимни шакллантириш ҳақида таълим беради," деб жавоб беради.

Иккинчи имконият

Андерсон тўлиқ жазо муддатини ўтаб, июль ойида қамоқдан озод этилди. Шартли равишда озодликка чиқариш бўйича ўтказилган мажлисда раис уни намунали маҳбус деб атаганини айтди. Андерсон бундай таърифга сазовор бўлишида ва ҳаётини ўзгартира олишида Исломнинг ўрни борлигини таъкидлади. Энди қамоқхона деворларидан ташқарида Андерсон ўз вазифаси эндигина бошланаётганини ҳис қилмоқда ва унга иккинчи имконият берилганидан миннатдор.

"Менимча, Худо менга инсониятга хизмат қилишим учун иккинчи имконият берди," деди у. "Чунки мен ҳаётдан маҳрум қилган одамнинг иккинчи имконияти йўқ. Шунинг учун, мен унинг олдида қарздорман. Унинг оиласи олдида қарздорман. Ҳаётимни фойдали ишга сарфлаш орқали унинг фарзандлари олдидаги қарзимни узишим керак."

Андерсон ҳозирда Тайба жамғармасида ишламоқда ва осойишта, ибодатли ҳаёт кечиришдан мамнун. Нсуор CBS News телеканалига 15 йиллик тажрибасида маҳбусларнинг қамоқхонадан чиққандан сўнг Исломни рад этиш ҳоллари жуда кам учраганини айтди. Унинг фикрича, бу Исломнинг шунчаки панжара ортидаги ўткинчи ҳолат эмаслигини кўрсатади.

Киритилди: 23:48 05.03.2025. Ўқилди: 1410 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!