Фаластиннинг Ҳамас ҳаракати Исроил томонидан сулҳ шартларига риоя қилинмагани туфайли шанба куни режалаштирилган асирларни озод қилиш жараёнини номаълум муддатга қолдирди. Бу ҳақда «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» матбуот котиби Абу Убайда баёнот берди.
«Сўнгги уч ҳафта давомида қаршимиздаги душманнинг сулҳ шартларини бузишини кузатдик. Жумладан, Ғазо шимолига қайтиши лозим бўлган аҳолини кечиктириш, уларни артиллерия ва ўқотар қуроллар билан нишонга олиш, инсонпарварлик ёрдамини тўхтатиш каби келишув бузилишлари содир бўлди. Шу билан бирга, биз ўз мажбуриятларимизга тўлиқ риоя қилдик.
Шу сабабли, келаси шанба куни озод қилиниши керак бўлган сиёнист асирлар режалаштирилганидек қайтарилмайди. Бу қарор босқинчи томон ўз мажбуриятларини бажармагунча ва аввалги ҳафталардаги бузилишлар учун тўлиқ жавобгарликни зиммасига олмай, уларни орқага қайтармагунча кучда бўлади. Биз сулҳ шартларига риоя қилишга тайёрмиз, лекин босқинчи томон ҳам ўз мажбуриятларини бажариши керак,» — дейилади баёнотда.