«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола Англия Премьер-лигасининг 26-туридан ўрин олган «Ливерпуль»га қарши ўйин (0:2) ҳақида фикр билдирди. У шунингдек, жароҳати сабабли майдонга тушмаган ҳужумчи Эрлинг Холанд ҳақида ҳам гапириб ўтди.
Гвардиола ўйиндан сўнг BBC нашрига қуйидагиларни айтди:
«Холанд чоршанба куни майдонга тушадими? Билмайман. Биз натижага эриша олмадик, деб айтиш Холанднинг йўқлиги билан боғлиқ эмас. Бу бошқа ўйинчиларга нисбатан ноҳақлик бўлади. Биз кўпроқ гол уришимиз мумкин эди, лекин умуман олганда, ҳаммаси жойида».
«Ҳусанов қандай ўйнади? У Мадридда ҳам жуда яхши ҳаракат қилганди, ўнг ҳимоячи сифатида Винисиусни назорат қила олганди. Бугун ҳам худди шу каби тезкор ва интизомли бўлди. Албатта, у ҳали ривожланиши керак, лекин у ажойиб қобилиятларга эга. Нико [Гонсалес] ва Омар [Мармуш] ҳам шундай, лекин жисмонан кучли рақибга қарши ўйнаш улар учун осон эмас».
Эслатиб ўтамиз, ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов, ярим ҳимоячи Нико Гонсалес ва ҳужумчи Омар Мармуш қишки трансфер ойнасида «Манчестер Сити» таркибига қўшилганди. Норвегиялик ҳужумчи Эрлинг Холанд эса жароҳати сабабли «Ливерпуль»га қарши ўйинни ўтказиб юборди.