Хосеп Гвардиола келаси йили "Манчестер Сити"ни тарк этиши мумкин. Шартнома мутахассисни 2026/2027 йилги мавсум охиригача "шаҳарликлар" билан боғлаб туради, аммо келаси ёз Гвардиоланинг кетиши учун айни мос вақт бўлиши мумкин, чунки таркиб шаклланган ва Хосеп ўн йиллик фаолияти давомида барча совринларни қўлга киритган.
The Times нашрининг ёзишича, Гвардиола "Манчестер Сити"ни тарк этган тақдирда янги мураббий танлаш бўйича маслаҳат беришга тайёр бўлади, бироқ қарорни директорлар кенгаши қабул қилади.
Манбага кўра, ҳозирда "Бавария"да ўзини яхши томондан кўрсатаётган Венсан Компани клуб ичида катта қўллаб-қувватланмоқда. Шу билан бирга, "Манчестер Сити"нинг собиқ сардори яқинда Мюнхендаги шартномасини 2029 йилнинг ярмигача узайтирди.
Шунингдек, клубда "Марсель" устози Роберто де Дзербининг мухлислари ҳам бор. "Борнмут" бош мураббийи Андони Ираола ҳам "шаҳарликлар" эътиборида.