"Манчестер Сити" бош мураббийи Хосеп Гвардиола матбуот анжуманида ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов муаммоси ҳақида гапирди.
Тўпиғидан олган жароҳати туфайли ўзбекистонлик футболчи "шаҳарликлар"нинг сўнгги олтита ўйинини ўтказиб юборди. Ҳусанов сўнгги бор 21 сентябрь куни "Арсенал"га қарши ўйинда (1:1) иштирок этган.
"Менимча, у аллақачон сафга қайтишга яқин, аммо ҳали ҳам тайёр эмас - унинг танасининг жуда, жуда хавфли қисмида жароҳат бор эди," - деди Гвардиола.
"Манчестер Сити" айни дамда Премьер-лиганинг "Астон Вилла"га қарши сафар ўйинига тайёргарлик кўрмоқда. Жамоалар 26 октябрь, якшанба куни майдонга тушади.