Президент Саломе Зурабишвили томонидан ишлаб чиқилган “Грузия Хартияси” 17 мухолифат партия ва беш нафар мустақил депутат томонидан имзоланди, деб ёзмоқда Интерфакс.
“Грузия Хартияси”ни имзолаганлар орасида мамлакатнинг энг йирик мухолифат партияси – “Бирлашган миллий ҳаракат” ҳам бор.
Ҳужжатда қайд этилишича, унинг иштирокчилари жорий йилнинг октябр ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловларида ғалаба қозонганидан сўнг бир неча ой ичида муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказиш мажбуриятини оладилар. Зурабишвилининг сўзларига кўра, бу ҳақиқатда “эркин ва адолатли” жараён бўлади.
Хартияда Грузиянинг Европа Иттифоқига аъзолик йўлидаги ҳаракатларига зарар етказувчи қонунлар, биринчи навбатда “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун бекор қилиниши назарда тутилган. Шунингдек, мамлакатда суд-ҳуқуқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларни тубдан ислоҳ қилиш, Марказий сайлов комиссияси аъзоларини шакллантириш жараёнини ўзгартириш кўзда тутилган.