Грузия мухолифат партиялари янги парламентда ишлашдан бош тортди ва агар расмий маълумотларга кўра, олдиндан 54,2 фоиз овоз олган “Грузия орзуси” партиясининг ғалабаси эълон қилинса, норозилик билдиришини эълон қилди.
"Сайловлар мухолифатдан ўғирланган. Бу конституциявий тўнтариш ва ҳокимиятни тортиб олиш", — деди Грузия Марказий сайлов комиссиясининг биринчи маълумотлари эълон қилинганидан сўнг коалиция етакчиларидан бири Ника Гварамия. “Бирлашган Миллий Ҳаракат” раҳбари Тинатин Бокучава ҳам ҳукмрон партияни “сайловларни ўғирлашда” айблади. “Гахария — Грузия учун” ва “Кучли Грузия” коалицияси ҳам дастлабки овоз бериш натижаларини тан олмади.
Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Грузияда парламент сайловларида 2 миллиондан ортиқ фуқаро қатнашган, сайловчиларнинг 58,94 фоизи иштирок этган. Мамлакат расмийлари сайловнинг якуний натижаларини бугун эълон қилиши керак.