Даниянинг Орхус университети олимлари Адольф Гитлер ДНКсида тўртта руҳий касалликка генетик мойилликни аниқлади.
Унда диққат етишмовчилиги ва гиперфаоллик синдроми, аутизм, биполяр бузилиш ҳамда шизофрения ривожланиш хавфи юқори бўлган. Бу ҳақдаги тадқиқот “Daily Mail” нашрида эълон қилинди.
Мутахассислар Гитлернинг қон намуналарини таҳлил қилган. Ушбу қон изи 1945 йилда Гитлер ўз жонига қасд қилганидан сўнг, америкалик офицер Росвелл Розенгрен томонидан унинг бункеридаги диван қопламасидан олинган. Кейинчалик олимлар ушбу намунани генетик таҳлилдан ўтказиб, геномни кетма-кет ўқиш усули орқали тахминан уч миллиард дона генетик йўриқни ташкил этувчи қон таркибини батафсил ўрганган.
“Бундай касалликларнинг комбинацияси жуда мураккаб. Гитлер миллиондан бир, балки миллиарддан биринчи ҳолат. Мен уни жиноятга мойил аутистик психопатия (criminal autistic psychopathy) деб аташ мумкин деб ўйлайман,” дейди Тринити коллежи психиатрия профессори Майкл Фицджералд.