Ўзбекистон терма жамоаси ва «Насаф» форварди Ҳусайн Норчаев Европа кубокларида иштирок этиш мақсадида «Елимай» клубига ўтиши мумкин, деб хабар бермоқда Sports.kz журналист Александр Троицкийга таяниб.
«Ўзбекистон терма жамоаси ва “Насаф” ҳужумчиси Ҳусайн Норчаевга Қозоғистоннинг бир клуби қизиқмоқда.
Ҳамкасблар жамоа номини айтмади, аммо менимча, бу — “Елимай”. Нима учун деб сўраманг — шунчаки ички ҳис. Жамоа еврокубокларда ўйнайди, бу эса Ҳусайнни жалб қилиши мумкин. Шунингдек, маош масаласида ҳам футболчини хурсанд қилиш керак. “Насаф”да унинг ойлиги анча яхшигина, шу боис қозоғистонликлар унга ойига камида 20 минг доллар таклиф қилишларига тўғри келади.
Бироқ ўйинчи даражаси етарлича юқори. Норчаев — ўзбек Суперлигасининг энг яхши тўпурарларидан бири, Чемпионлар лигасида “Насаф” учун голлар урмоқда ва миллий терма жамоага чақирилади. Эҳтимол, у жаҳон чемпионатига ҳам боради.
Шу билан бирга, худди шу пулга Европада ўйнаб келган легионерни ҳам имзолаш мумкин. Лекин Ҳусайннинг салоҳияти юқори, агар уни қишда олиб кетишса, Ўзбекистон терма жамоаси сафида ЖЧда муваффақиятли ўйнаса, кейинчалик жуда манфаатли нархга сотиш имкони бўлади. Лекин футболчи 23 ёшга кирганини ҳам унутмаслик керак.
Умуман олганда, Қозоғистон чемпионатининг топ-4 клубларидан бирига ўтиш — Норчаев учун жуда қизиқ вариант, деб ўйлайман», — деб ёзади журналист.
Таъкидлаш жоизки, ўтган мавсум якунига кўра Семейнинг «Елимай» жамоаси 43 очко тўплаб, КПЛ жадвалида тўртинчи ўринни эгаллади. Келгуси мавсумда клуб Конференциялар Лигаси саралаш босқичида иштирок этади.