Қозоғистон терма жамоаси матбуот хизмати раҳбари Алимжан Асқар Қозоғистон — Ўзбекистон ўртоқлик ўйини нега ўтказилмай қолгани ҳақида маълумот берди.
Асқарнинг айтишича, Қозоғистон йил давомида ўнта ўртоқлик учрашувини ўтказиши кераклиги ҳақида УЕФА талаби бор ва бу учун молия ажратилади. Шунга кўра, Беларусьга қарши сафарда, Ўзбекистонга қарши эса уйда ўйин ташкил этиш режалаштирилган эди.
— Ўзбекистон Жаҳон чемпионатига чиқди, уларда бош мураббий ўзгарди ва режалар ҳам шу билан бирга ўзгариб кетди. Ўртамизда расмий келишув эмас, фақат оғзаки келишув бор эди. Шу боис ўйин ўтказиш имкони қолмади. Ўзбекистонда кўп ўзгаришлар рўй берди ва учрашув улар учун ноқулай ҳолатга айланди, — деди Асқар.
Унинг қўшимча қилишича, ҚФФ шошилинч равишда рақиб излашга мажбур бўлган ва УЕФА билан келишилгандан кейин Фарер ороллари билан ўйин ташкил этиш имкони топилган.
Эслатиб ўтамиз, йил бошида Қозоғистон — Ўзбекистон ўртоқлик учрашуви ноябрь ойида Туркистонда ўтказилиши ҳақида хабарлар тарқалган, аммо бу маълумот кейинчалик тасдиқланмаган. Қозоғистон 18 ноябр куни Хорватияда Фарер ороллари термасига қарши ўйин ўтказди ва 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди.