Германиянинг Мюнхен шаҳри прокуратураси тадбиркор, USM холдинги асосчиси Алишер Усмоновга нисбатан санкцияларни бузиш гумони билан олиб борилган терговни тўхтатди. Бу ҳақда бизнесмен вакиллари маълум қилди.
Қарор Германия Жиноят-процессуал кодексининг 153a-моддасига мувофиқ қабул қилинган. Ушбу тартибга кўра, Усмонов ихтиёрий равишда хайрия мақсадларига пул ўтказишга рози бўлган.
«Тергов қайта очилмайди, Алишер Усмоновга нисбатан айбсизлик презумпцияси тўлиқ сақланади», – дейилади унинг ҳимоячилари баёнотида.
Тергов Германиянинг ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги қонунчилигига оид эҳтимолий қоидабузарликлар билан боғлиқ эди. Хусусан, 2022 йилда Бавариянинг Роттах-Эгерн ҳудудида жойлашган кўчмас мулкни қўриқлаш хизматлари хорижий компаниялар орқали тўлангани ва ушбу мулкий қийматлар Германиянинг Иқтисод ва экспорт назорати федерал идораси (BAFA)да декларация қилинмагани ҳақида гумонлар билдирилган.
2024 йилда ушбу эпизодлар ягона дастлабки тергов доирасида бирлаштирилган.
Алишер Усмоновнинг ҳимоячилари барча гумонларни изчил рад этиб, тадбиркорнинг мазкур компаниялар ёки кўрсатилган мулк билан алоқаси йўқлигини, шунингдек, унга нисбатан санкция нормалари қўлланмаслигини таъкидлаб келган.
Натижада тергов суд билан келишилган ҳолда ва Усмоновнинг розилиги билан Германия Жиноят-процессуал кодексининг 153a-моддаси (шартлар бажарилган тақдирда ишни тугатиш) асосида тўхтатилди. Келишув доирасида тадбиркор ихтиёрий равишда хайрия мақсадларига пул ўтказган.
Прокуратура таъкидлашича, ушбу гумонлар бўйича ишни қайта очиш мумкин эмас ва Усмоновга нисбатан айбсизлик презумпцияси сақланиб қолади.
Усмонов манфаатларини ҳимоя қилаётган Wannemacher & Partner адвокатлик бюроси маълум қилишича, тадбиркорга ҳеч қачон расман айблов қўйилмаган ва мазкур иш, 2024 йилда ёпилган аввалги иш каби, дастлабки тергов босқичидан чиқмаган.
Адвокатлар таъкидлашича, иш уч йилдан ортиқ давом этган ва уни давом эттириш «ресурсларни маъносиз сарфлаш»га олиб келар эди. Шу сабабли, процессуал иқтисод ва соғлиқни сақлаш нуқтаи назаридан Усмонов ишни қонун доирасида тугатишга рози бўлган.
«Биз жаноб Усмоновнинг обрў-эътибори тўлиқ тикланишига умид қиламиз», – дейилади адвокатлар баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ноябрида Франкфурт-на-Майне бош прокуратураси ҳам Алишер Усмоновга нисбатан пул ювиш гумони билан очилган терговни айблов қўймасдан тўхтатган эди.