Германияда ҳукмрон коалиция украиналик қочқинларга тўланадиган нафақалар тартибини ўзгартиришга қарор қилди. BILD нашрининг ёзишича, 2025 йил 1 апрелдан кейин Германияга келадиган Украина фуқаролари эндиликда Bürgergeld — ишсизлик бўйича асосий нафақани ололмайди. Улар энди бошпана изловчилар мақомига тенглаштирилади ва камроқ миқдорда тўлов олади.
Бу ҳақда Германия ички ишлар вазири Александр Добриндт ва меҳнат вазири Бербел Бас маълум қилди. Шу тариқа, Германия тўрт йилга яқин вақт давомида украиналикларга берилган алоҳида мақомни бекор қилмоқда. Шу билан бирга, мамлакатда илгарироқ жойлашган қочқинлар аввалгидек тўловларни олишда давом этади.
BILD ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда украиналиклар ойига 563 евро (ёлғиз киши учун) ҳамда уй-жой ва коммунал хизматлар учун қўшимча тўлов олмоқда. Ислоҳотдан кейин янги келганлар бошпана изловчилар тўғрисидаги қонун асосида ойига атиги 441 евро олади.
Расмий маълумотларга кўра, Германияда ҳозирда 1,1 миллионга яқин украиналик яшайди, аммо уларнинг фақат бир қисми доимий ишга эга. Сиёсатчилар янги тартиб фуқароларни иш топишга рағбатлантиради, деган умидда.