Бундесвер ҳарбий-транспорт самолёти Селле шаҳридаги (Қуйи Саксония) аэродромдан кўтарилаётганида номаълум шахслар пиротехника воситаларидан ўққа тутган.
Бу ҳақда Der Spiegel журнали хабар бермоқда.
Журналнинг ёзишича, воқеа 26 сентябрь куни соат 12:00 (Тошкент вақти билан 15:00) атрофида содир бўлган. Ҳужумчилар С-130 ни аниқ нишонга ола олмади, бироқ учувчилар милтилловчи ва кейин кучли портлашни пайқашди. Улар дарҳол аэродром диспетчерларига хабар беришди.
Нашрга Германия қуролли кучларидаги манбаларнинг айтишича, ҳарбий самолётлар билан боғлиқ бундай ҳодисалар жуда кам учрайди. Воқеа жойига зудлик билан ҳарбий хизматчилар ва полиция етиб келган, бироқ гумондорларни топа олмаган. Аэродромда портловчи моддалар қидирилди, аммо шубҳали ҳеч нарса топилмади.
Бундесвер ҳам, полиция ҳам тергов олиб бормоқда.