Бугун 31 июль, 2026 йил, жума

O'ZB

Германияда иссиқлик туфайли бу йил қарийб 10 минг киши вафот этди

Германияда иссиқлик туфайли бу йил қарийб 10 минг киши вафот этди

Германияда 2026 йил бошидан буён экстремал иссиқлик оқибатида қарийб 10 минг киши вафот этган. Бу ҳақда мамлакатнинг Роберт Кох институти (RKI) ҳафталик ҳисоботида маълум қилди.

Институт маълумотига кўра, 19 июль ҳолатига иссиқлик билан боғлиқ ўлимлар сони 9800 нафарга етган. Бу 2016 йилдан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич бўлиб, ҳатто аввалги тўлиқ йиллар рекордидан ҳам ошиб кетган.

Мутахассислар бу ҳолатни ёз бошида мамлакатни қамраб олган узоқ давом этган экстремал ҳароратлар билан изоҳламоқда. Энг оғир давр июнь ойининг иккинчи ярмига тўғри келган бўлиб, айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати +40 даражагача кўтарилган. Шу даврнинг ўзида 5 мингдан ортиқ ўлим ҳолати қайд этилган.

RKI маълум қилишича, иссиқликдан энг кўп жабр кўрганлар 75 ёш ва ундан катта бўлган фуқаролардир. Вафот этганларнинг 7880 нафари айнан шу ёш тоифасига мансуб. Шунингдек, қурбонлар орасида аёллар сони эркакларга нисбатан кўпроқ бўлган. Мутахассислар буни катта ёш гуруҳларида аёллар улушининг юқорилиги билан изоҳламоқда.

Институт маълумотига кўра, бундан аввалги энг юқори кўрсаткич 2018 йилда қайд этилган бўлиб, ўшанда иссиқлик оқибатида тахминан 8900 киши ҳаётдан кўз юмган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, иссиқлик камдан-кам ҳолларда ўлимнинг бевосита сабаби бўлади. Кўпинча юқори ҳарорат мавжуд сурункали касалликлар билан биргаликда инсон саломатлигига оғир таъсир кўрсатади.

Германия Касалхоналар жамияти эса тиббиёт муассасаларида совутиш тизимларини модернизация қилиш зарурлигини билдирди. Ташкилот маълумотига кўра, ҳозирда Германия шифохоналаридаги палаталарнинг фақат кичик қисми кондиционер ёки бошқа совутиш воситалари билан жиҳозланган.

Киритилди: 22:46 30.07.2026. Ўқилди: 180 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!