Мутахассислар Кёлн шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши даврида шаҳарга ташланган ва портламай қолган АҚШнинг учта бомбасини зарарсизлантиришни режалаштирмоқда.
Гап оғирлиги 1 ва 2 тоннали Америка бомбалари ҳақида кетмоқда.
Эвакуация 4 июн куни маҳаллий вақт билан эрталаб соат 8:00 да бошланади. Қатор мактаблар, болалар боғчалари, музейлар ва шаҳар бошқарув идоралари фаолиятини тўхтатади. Кёльндаги марказий вокзалнинг айрим қисмлари эвакуация ҳудудига тушган. Бундан ташқари, Рейн дарёси устидаги учта кўприк бир неча соатга ёпилади.
Deutsche Bahn темирйўл компанияаи поездлар ҳаракатида чекловлар бўлишини эълон қилди. Бу кўплаб минтақавий темирйўл йўналишлари ҳамда халқаро рейсларга таъсир қилади. Аммо айнан қайси йўналишларга таъсири борлигига компания томонидан аниқлик киритилмаган.
Кёльнда бундай кўламдаги эвакуация Иккинчи жаҳон урушидан бери биринчи марта амалга оширилмоқда. Бомбалар аниқланган жойдан 1 км радиусдаги ҳудуддан 20 минг кишини эвакуация қилиш режалаштирилган.