Германия президенти мудофаа ва инфратузилма соҳасидаги инвестициялар тўғрисидаги қонунни имзолади.
Мазкур ҳужжат Германия Конституциясига ўзгартишлар киритиш орқали “қарз тормози” механизмининг таъсирини юмшатишга қаратилган.
Қонунга мувофиқ, Бундесвер, фуқаролик мудофааси, ахборот технологиялари тизимларини ҳимоя қилиш ва разведка хизматлари харажатлари кредит маблағлари ҳисобига молиялаштирилиши мумкин. Шунингдек, тажовузга учраган давлатларга молиявий ёрдам кўрсатиш имконияти яратилади.
Янги тартиб Германия Ялпи ички маҳсулотининг бир фоизидан ортиқ харажатларга, яъни тахминан 43 миллиард евро миқдоридаги маблағларга тааллуқли бўлиб, келгуси 12 йил давомида инфратузилма лойиҳалари учун умумий ҳисобда 500 миллиард евро жалб қилиш режалаштирилган.