2024 йилда Германия фуқаролигини олган хорижликлар сони 2000 йилда ягона статистика бошланганидан бери рекорд даражага етди.
Бу ҳақда Welt газетаси Германия федератив штатлари маълумотларига таяниб хабар бермоқда. Манбага кўра, бунга фуқароликка қабул қилиш тартибини соддалаштирган қонунчиликнинг енгиллаштирилгани сабаб бўлган.
Нашрнинг қайд этишича, 2000 йилда ягона статистика бошланганидан бери 2024 йилда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ хорижликлар Германия фуқаролигига қабул қилинган.
Нашр маълумотларига кўра, деярли 250 минг киши немис паспортини олган – бу расмий маълумотларни тақдим этган 16 федерал штатдан атиги 13 тасига тегишли. 2023 йилда фуқароликка қабул қилинганларнинг умумий сони 200 минг кишини ташкил этди.
Янги фуқароларнинг асосий оқими Сурия ва Туркиядан келган. Нашрнинг таъкидлашича, уларнинг кўпчилиги қонунга киритилган ўзгартиришларда назарда тутилган аввалги фуқаролигини сақлаб қолиш имкониятидан фойдаланган. Шу билан бирга, паспорт олганлар орасида саккиз йилдан камроқ вақт давомида мамлакатда яшовчи муҳожирларнинг улуши деярли ўзгармаган.