Германия Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси дастури бўйича қочқинларни ихтиёрий равишда қабул қилишни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда Германия ички ишлар вазирлиги ва Жаҳон ташкилоти раҳбарияти маълум қилди, деб ёзади ТАСС Deutsche Presse-Agentur (DPA)га таяниб.
Бу қарор Германияда ҳукумат коалициясини тузиш бўйича музокаралар асосида қабул қилинди. Ҳозирда бу музокараларга Христиан-демократик иттифоқ ва Христиан-социал иттифоқнинг консерватив блоки ҳамда Германия социал-демократик партияси бошчилик қилмоқда. Дастлабки маслаҳатлашувлардан сўнг улар қочқинларни ихтиёрий қабул қилиш дастурларини имкон қадар тезроқ тугатишга ва янги дастурларда қатнашмасликка келишиб олдилар.
Германия ҳукумати аввалроқ БМТ орқали 2024-2025 йилларда жами 13 100 нафар қочқинни мамлакатга қабул қилишга келишиб олган эди. Улардан 5061 нафари Германияга жойлашиб улгурган, улар орасида Туркиядан келган суриялик қочқинлар ҳам бор.
Германиянинг бўлажак канцлери бўлишга давогар Фридрих Мерц ҳокимиятга келса, миграция сиёсатини сезиларли даражада кучайтириш ниятида эканлигини бир неча бор таъкидлаган.