Rio Tinto Британия-Австралия тоғ-кон компанияси 30 январь куни Ғарбий Австралияда радиоактив цезий-137 нуклиди бўлган капсулани йўқотгани учун узр сўради. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Капсула диаметри 6 миллиметр ва қалинлиги 8 миллиметр бўлган металл цилиндрдир. Бу темир жавҳари зичлигини ўлчайдиган сенсорнинг бир қисми. Қурилма Rio Tinto конидан Ғарбий Австралия пойтахти Перт шаҳрига ташиш вақтида йўқолиб қолган. Тахминларга кўра, капсула шахта ва Перт ўртасидаги шоссега қулаган. Уларнинг орасидаги масофа 1300 километрдан ошади.
Капсуланинг йўқолиши сенсор Пертга олиб келинганидан бир ҳафта ўтиб, 25 январь куни сезилган. Расмийлар Ғарбий Австралия аҳолисини воқеа ҳақида огоҳлантирди ва улардан камида беш метр узоқликда капсула топилган ёки йўқлиги ҳақида маълумот сўралди, чунки цезий-137 терига тегиши куйиш ва нурланиш касаллиги билан таҳдид солади, деб ёзади The New York Times.
Ғарбий Австралия ёнғин ва қутқарув департаменти капсулани қидиришни бошлади. Қидирув гуруҳи радиация даражасини ўлчаш учун асбоблар билан жиҳозланган. Бироқ расмийлар капсула шосседа кетаётган ҳар қандай машина шинасига тиқилиб қолиб, ҳайдовчи ва йўловчиларга радиация таъсир қилиши мумкинлигидан хавотирда, деб ёзади WSJ.