Халқаро жиноий суд (ХЖС) мамлакат собиқ президенти Родриго Дутертенинг ишини тўхтатиш ва уни озод қилиш ҳақидаги илтимосномани рад этди. 81 ёшли собиқ раҳбар 2025 йил мартидан бери Гаагада ҳибсда сақланмоқда.
Дутертенинг адвокатлари Филиппин 2018 йилда ХЖС таркибидан чиққани сабабли суд уни жавобгарликка тортишга ҳақли эмас, деб даъво қилишган эди. Бироқ судьялар тергов мамлакат ташкилотни тарк этишидан аввал бошланганини ва суд жараёни қонуний эканини тасдиқлади.
Прокуратура Дутертени 2016–2022 йилларда "ўлим эскадронлари"ни тузиш ва минглаб одамларни судсиз қатл қилишда айбламоқда. Родриго Дутертенинг ўзи эса полицияга фақат ўз ҳимояси учун қурол ишлатишга буйруқ берганини айтиб, айбловларни рад этиб келади.
Қурбонларнинг оилалари суд қарорини "ҳеч ким қонундан устун эмас" дея олқишлар билан кутиб олишмоқда.