Фавқулодда вазиятлар вазирлиги шарқий яримшарда кучли зилзила юз бериши мумкинлиги тўғрисида тарқалган хабарларни рад этди.
Ижтимоий тармоқларда кучли магнит бўрони сабаб икки суткадан сўнг шарқий яримшардаги сейсмик минтақалардан бирида 7 магнитудадан юқори кучли зилзила бўлиш хавфи ошаётгани мазмунда хабарлар тарқалди.
Вазирликнинг маълум қилишича, сейсмик фаоллик магнит бўронига боғлиқ ҳодиса эмас. Шунингдек, зилзилани вужудга келиши мумкин бўлган аниқ вақт ва жойини прогноз қилиш имкони йўқ.
Шу сабабли ФВВ фуқаролардан асоссиз маълумотларга ишониб, хавотирга тушмасликларини сўради.
Шунингдек, ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг маркази томонидан олиб борилаётган ўрганишлар натижасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида кучли зилзилаларни кўрсатувчи аномал ўзгаришлар аниқланмаган.