Бугун 2 февраль, 2026 йил, душанба

O'ZB

Фуқаро авиациясини ривожлантириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди

Фуқаро авиациясини ривожлантириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди

Президент Шавкат Мирзиёев 2 февраль куни Навоий халқаро аэропорти фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда авиация корхоналарини трансформация қилиш юзасидан тақдимот билан танишди.

Навоий халқаро аэропортининг асосий кўрсаткичлари 2025 йилда 2024 йилга нисбатан ўсганига қарамасдан, ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш, йўловчи ва юк ташиш бўйича максимал қувватларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Шунингдек, аэропорт инфратузилмаси, техника парки, юк ва йўловчи терминалларини модернизация қилиш, фаолият жараёнларини рақамлаштириш зарур.

Тақдимотда Навоий халқаро аэропортини лойиҳавий бошқарув тамойиллари асосида ривожлантириш таклиф этилди.

Аэропортни “Uzbekistan Airports” АЖнинг марказлашган оператив бошқарув тизимидан ажратган ҳолда, унга маҳаллий ва хорижий авиакомпаниялар билан йўловчи ва юк ташиш, транзит ҳамда техник қўнишлар бўйича мустақил музокаралар олиб бориш ҳамда шартномалар тузиш ҳуқуқи берилади.

Аэропорт даромадларини унинг инфратузилмасини модернизация қилиш, ёқилғи резервуарларини кенгайтириш, ҳаво кемаларини таъмирлаш ва бўяш хизматларини жорий этишга йўналтириш орқали авиация хизматлари экспортини ошириш вазифалари белгиланди.

Навоий халқаро аэропортини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган бизнес режаси тўғрисида ахборот берилди. Унга кўра, тижорат ва ноавиацион фаолият кўрсаткичлари 50 фоизга оширилади, 25 тадан ортиқ авиакомпанияларнинг доимий парвозлари йўлга қўйилиб, қайта ишланадиган юк ҳажми 20 минг тоннадан оширилади.

Аэропорт ҳудудида ҳаво кемаларига техник ва тижорат хизматлари кўрсатишга ихтисослашган “порто-франко” эркин божхона зонасини ташкил этиш таклиф қилинди.

2029 йил 1 январга қадар ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун олиб кириладиган махсус техника ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан озод қилинади. Шунингдек, ҳудуддаги меҳмонхона аэропорт тасарруфига ўтказилиши белгиланди.

Тақдимотда фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида харажатларни қисқартириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда асосий фаолият турига хос бўлмаган хизматларни аутсорсингга ўтказиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ҳақида ахборот берилди.

Энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, электр энергиясида ҳаракатланувчи махсус транспорт воситаларидан фойдаланиш орқали эксплуатацион харажатларни камайтириш зарурлиги қайд этилди.

2026 йилдан бошлаб “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятлари томонидан носоҳавий фаолиятни молиялаштириш тўхтатилиши белгиланди. “Uzbekistan Airports” фаолияти 18 та, “Uzbekistan Airways” фаолияти эса 16 та устувор вазифа асосида амалга оширилади.

Жумладан, корхоналарда хизматлар сифатини ошириш орқали рақобатбардошликни мустаҳкамлаш, хизмат ва маҳсулот таннархини ҳисоблашда мақбул методологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларининг барча босқичларини рақамлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Трансформация доирасида ташкилий тузилмаларни қайта кўриб чиқиш, штат бирликларини мақбуллаштириш, халқаро кредит рейтингларини ошириш, IPOга чиқиш ҳамда корпоратив халқаро облигацияларни жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.

Йиғилишда авиация соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш масалалари, жумладан, Фуқаро авиацияси университети ва унинг қошида авиация техникумини ташкил этиш ишларининг бориши кўриб чиқилди.

Таълим муассасалари АҚШнинг “Embry-Riddle”, Франциянинг “ENAC” каби етакчи халқаро авиация таълим марказлари билан ҳамкорликда ташкил этилади. Университетда борт кузатувчи, авиация техникаси бўйича мутахассислар ва механиклар каби амалий касблар билан биргаликда учувчилик, муҳандислик, ҳаво ҳаракати диспетчерлиги, бошқарув бўйича ҳам кадрлар тайёрлаш ва илмий дастурлар йўлга қўйилади.

Президентимиз таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Киритилди: Бугун 20:41. Ўқилди: 157 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!