Франция ғарбидаги Лимож коммунасида тунги тартибсизликлар вақтида қуролли безорилар пистирмасига учраган 10 нафар полициячи яраланди.
Бу ҳақда Le Figaro газетаси хабар бермоқда.
Қайд этилишича, шанбага ўтар кечаси юзларини ниқоб билан яширган, арматура ва пиротехника воситалари билан қуролланган катта гуруҳ RN 141 трассасида баррикада ўрнатган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари учун тартибсизликлар содир бўлган ҳудудда пистирма уюштирилди. Таъкидланишича, бир неча соат давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қарата пиротехника отилган, уларга молотов коктейллари ва тошлар, жумладан, йўл бўйида жойлашган уйларнинг деразаларидан отилган. Безориларни тарқатиб юбориш чоғида мустаҳкамлаш бўлинмалари томонидан қўлбола гранатётлардан газ ва портловчи гранаталар, шунингдек, резина снарядлардан 240 дан ортиқ ўқ узилди. Дастлабки маълумотларга кўра, тартибсизликларда 50 дан 100 гача безори иштирок этган.
Қайд этилишича, бу ҳудудда 14 июль – Миллий байрамдан буён тартибсизликлар авж олмоқда. 15 ва 16 июль кунлари полиция маҳаллий аҳолидан пиротехника воситалари ва ёқилғи солинган канистрни олиб қўйган, шундан сўнг уларга ҳужум қилинган. Шанба оқшомида бошланган тартибсизликлар ҳозир бостирилганига қарамай, ҳудудда вазият кескинлигича қолмоқда, деди нашрга ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба. Маҳаллий полицияни кучайтириш учун СРС 82 махсус полиция бўлинмаси Лиможга юборилди.