Франция прокуратураси Х ижтимоий тармоғига қарши жиноий иш қўзғатди. Америкалик миллиардер Илон Маскнинг платформаси хорижий аралашув мақсадида алгоритмларни манипуляция қилишда гумон қилинмоқда.
Жиноий иш январь ойида бошланган терговдан сўнг очилган, дея хабар беради Politico. Франциялик қонун чиқарувчининг аноним шикоятида айтилишича, Х ижтимоий тармоғи кўп миқдорда нафрат, ирқчилик мазмунидаги сиёсий контентни тарқатмоқда.
Politico нашрининг қайд этишича, Европа Иттифоқи деярли икки йилдан бери ижтимоий тармоқ бўйича алоҳида тергов олиб бормоқда. Платформа раҳбарияти рақамли хизматлар ҳақидаги қонунни бузганликда гумон қилинмоқда. Нашрнинг ёзишича, алгоритмларни манипуляция қилиш гумони бу ишга Илон Маск "Германия учун муқобил" ўта ўнгчи партияси етакчиси Элис Вайдел билан Х телеканалида кўрсатув ўтказганидан кейин қўшилган.