Мюнхеннинг «Бавария» клуби вингери Майкл Олисе келажакда фаолиятини Испания чемпионатида давом эттиришни истамоқда. Франциялик футболчига асосий даъвогарлардан бири Мадриднинг «Реал» клуби ҳисобланади.
Бу ҳақда CF Bayern Insider журналисти Кристиан Фальк маълум қилди.
Манбанинг таъкидлашича, «Бавария» раҳбарияти 24 ёшли футболчи билан янги, молиявий жиҳатдан яхшиланган шартнома имзолаш ишларини жадаллаштирмоқчи.
Бироқ «Реал» каби Европанинг етакчи клублари томонидан билдирилаётган қизиқиш мюнхенликлар учун жиддий муаммога айланиши мумкин.
Маълумотларга кўра, мадридликлар ўтган ёздаёқ Олисени сотиб олиш учун катта маблағ сарфлашга тайёр бўлган. Аммо «Бавария» раҳбарияти франциялик футболчини сотилмайдиган ўйинчилар қаторига киритиб, унинг трансферига рухсат бермаган.
Фалькнинг қўшимча қилишича, Англиянинг «Манчестер Сити» клуби ҳам Олисе учун жозибадор вариант бўлиши мумкин.
Айни пайтда франциялик вингер жаҳон футболидаги энг кучли ҳужумкор футболчилардан бири сифатида баҳоланмоқда. Унинг юқори савиядаги ўйини Европанинг бир қатор грандлари эътиборини тортаётгани айтилмоқда.
Олисе жорий мавсумда «Бавария» сафида 9 та учрашувда майдонга тушиб, 8 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди.
Шу тариқа, мюнхенликлар ўз етакчисини узоқ муддатга жамоада олиб қолишга ҳаракат қилаётган бир пайтда, «Реал» унинг келажакдаги эҳтимолий манзилларидан бири бўлиб қолмоқда.